Ссылки доступа

Норвегияда россияликларнинг бошпана беришга оид аризаларини кўриб чиқиш тўхтатилди


Норвегия иммиграция бошқармаси (UDI) Россия фуқароларининг бошпана бериш ҳақидаги аризаларини кўришни вақтинча тўхтатди, дея хабар қилди TV2.

Мазкур қарор россияликларнинг бошпана сўраб берган аризаларини кўриб чиқиш қоидалари ўзгариши муносабати билан қабул қилинган.

“Ҳеч бир иш кўриб чиқилгани йўқ, шу боис ҳеч кимга қўшимча муддат ёки рад жавоби берилмади”, деган UDI вакили Венче Фоне.

Сентябрь ойи охирларида Норвегияга 244 киши бошпана истаб келган. Бошпана бўйича ариза топширганлар орасида сафарбарликдан қочиб келган россияликлар ҳам бор.

“Ҳа, шу важдан бошпана сўраганлар бор, лекин улар қанчалигини айта олмайман”, дея изоҳ берган Фоне.

6 октябрь куни Норвегия ўз портларига Россия балиқчи кемалари киришини чеклаган. Айтилишича, ушбу қарор “Шимолий оқим” газ қувурида рўй берган муҳтамал диверсиядан сўнг хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Эндиликда Россия кемалари атиги учта портга кириши мумкин, шунда ҳам олдин улар хавфсизлик текширувидан ўтказилади.

11 октябрь куни Норвегия полицияси суратга олиш тақиқланган объектларни тасвирга олган етти нафар Россия фуқаросини ҳибсга олган. Улардан бири “Россия темир йўллари” давлат ширкати собиқ раҳбарининг ўғли Андрей Якунин экани айтилмоқда. Унинг иккита дрони ва электрон қурилмалари мусодара қилинган.

Полиция вакили дронлардан фойдаланишга тақиқ нима суратга олинишидан қатъи назар барча россияликларга тааллуқли эканини айтган.

XS
SM
MD
LG