Ссылки доступа

Қирғизистоннинг яна икки банки Россиянинг «Мир» тўлов карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди


Қирғизистоннинг яна иккита банки Россиянинг «Мир» тўлов карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди.

Маълум бўлишича, “Осиё Банки” ва “Қирғизистон Тижорат Банки” Россиянинг бир қатор банклари билан ҳамкорликни тўхтатган. Осиё банкининг кол-маркази «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш тахминан бир ҳафта олдин тўхтатилганини маълум қилди.

“Биз ҳақиқатан ҳам, афсуски, Мир карталари хизматини тўхтатиб қўйдик. Аниқ сабабни айта олмаймиз, бу бизнинг раҳбариятимизнинг қарори”, — дея таъкидлади Осиё банки ходими.

Айни пайтда, “Қирғизистон тижорат банки” қўнғироқ маркази «Мир» карталарига хизмат кўрсатишдан бош тортиш сабаби иккиламчи санкциялар таҳдиди билан боғлиқлигини маълум қилди.

“Мана бир неча кундан буён биз «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатиб қўйдик, чунки бизга нисбатан санкциялар қўлланилиши мумкин”, - деб жавоб берди тижорат банки.

Аввалроқ Озодлик учта тижорат банки - «Компаньон», «Дос-Кредобанк» ва «Бакай банк» ҳам Россиянинг «Мир» тўлов тизими хизматини тўхтатганини хабар қилганди. Шундан сўнг Қирғизистон Республикаси Миллий банкининг расмий вакили Аида Карабаева Озодлик билан суҳбатда ҳар бир тижорат банки ўзи қарор қабул қилишини айтди.

АҚШ Молия вазирлигининг Россиядан ташқарида Россия тўлов тизимидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаганлик учун санкциялар қўллашга тайёрлиги ҳақидаги огоҳлантириши фонида «Мир» карталарини қабул қилиш Туркия, Қозоғистон ва Ветнамдаги бир қанча банклар томонидан чекланди. Масалан, Туркиянинг энг йирик хусусий банки Иш Банки «Мир» тўлов тизими билан ишлашни вақтинча тўхтатди. Шунингдек, Россия карталари билан ДенизБанк операцияларини тўхтатди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Туркиянинг бир қатор меҳмонхоналарида картани қабул қилишдан бош тортгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Сентябрь ойида, шунингдек, Қозоғистонда Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарини қабул қилиш Ҳалқ Банки ва Банк ЦентрКредит томонидан тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.

XS
SM
MD
LG