Ссылки доступа

Қозоғистон Бош прокуратураси байрам кунлари митингларга чиқмасликка чақирди


23 октябрь, якшанба куни Қозоғистон Бош прокуратураси яқин кунларда “ноқонуний митинглар”га бормаслик ҳақида огоҳлантирди.

“Ижтимоий тармоқларда 24 ва 25 октябрь кунлари марказий майдонларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан келишилган митингларда қатнашиш учун ёлғон хабарлар, провокацион чақириқлар тарқатилмоқда. Бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дейилади Бош прокурор ўринбосари Жандос Умиралиев номидан.

Расмийлар фуқароларни “Амалдаги қонунчилик меъёрларига қатъий риоя қилишга, иғвогарликларга берилмасликка ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатлар, уларга оммавий чақириқлар уюштириш ва уларда қатнашмасликка” чақирди. Матнда, шунингдек, давлат органлари “белгиланган ҳуқуқий тартибга тажовуз қилувчи ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга чек қўйиши ва айбдорларга нисбатан қонунда назарда тутилган барча чораларни кўриши” қайд этилган.

21 октябрь куни Олмаота ҳокимлиги фуқаролик фаоли, рўйхатдан ўтмаган “Олға, Қозоғистон” партияси аъзоси Бибигул Имангалиевага 25 октябрь куни Шокан Уалихонов номидаги майдонда митинг ўтказишга рухсат бермагани хабар қилинган эди. “Маданий тадбирлар” сўралган кун ва жойда бўлиб ўтиши сабабли фаолга йиғиш рад этилди.

Фаолнинг айтишича, навбатдан ташқари президентлик сайловлари арафасида ва январь воқеаларидан кейин жамиятда “митингларга талаб сезиларли даражада ошди”.

12 октябрь куни Конаево суди қозоғистонлик журналист, YouTubeдаги Не Дейди канали муаллифи Думан Мухаметкаримни 15 кунга ҳибсга олди. У тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамжамияти 2020 йилда “тинч йиғилишлар тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқишни ва одамларнинг ўз фикрини эркин ифода этишига тўсқинлик қилмасликни талаб қилмоқда. Остона бу қонунни “халқаро талабларга мос” деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG