Ссылки доступа

Сирдарё: Қурол-аслаҳа омборидаги портлашда 16 киши яраланди


22 октябрь куни тонгда Сирдарё вилоятидаги ҳарбий омборда содир бўлган портлашда , Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 16 киши яраланган. Вазирлик хабарида жароҳатларга нима сабаб бўлганига аниқлик киритилмаган.

"Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ"лиги таъкидланади.

Портлашга нима сабаб бўлгани номаълум. Расмийлар ҳеч қандай дастлабки фаразни эълон қилгани йўқ.

Аҳоли яшайдиган ҳудудда жойлашган ҳарбий омборда маҳаллий вақт билан 04. 55 да юз берган портлаш расмийларга кўра, "якка тартибда" содир бўлган ва ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Мудофаа вазирлигининг хабарида шанба куни тонгги соат 04:55 да Малик аҳоли пунктида юзага келган портлашга нима сабаб бўлгани ҳақида ҳеч қандай фараз билдирилмаган. Вазирлик суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтмоқда.

Портлаш оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари, давлат муассасалари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Дастлабки маълумотларга кўра, шикастланганларнинг 11 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига жўнатилган.

«5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинди” , дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, ҳодиса оқибатида қўрққан, руҳий жароҳат олган шахслар билан алоҳида психолог кўриги ташкил этилган.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги "портлаш содир бўлиши оқибатида ҳудудга яқин жойлашган бир нечта аҳоли хонадонлари ва дўконларнинг ойналари синган, биноларнинг айрим енгил конструкцияларига ҳам зарар етгани"ни тасдиқлади.

Шунингдек, ҳодиса оқибатида зарар кўрган биноларни таъмирлаб бериш, аҳолига етган зарарни қоплаш масаласи қонунда белгиланган тартибда вилоят ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилиши айтилмоқда.

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда портлаш натижасида хонадон ва бошқа биноларнинг ойналари синиб тушгани акс этган видеолар тарқалганди.

XS
SM
MD
LG