Ссылки доступа

Иркутскда ҳарбий учоқ аҳоли уйлари устига қулади


Россиянинг Иркутск шаҳрида ҳарбий самолёт қулаб тушди. “112” Телеграм-каналининг хабар беришича, СУ-30 қирувчи самолёти авиазавод ҳудудидан ҳавога кўтарилгач турар-жой мавзесига қулаган.

Дастлабки хабарларга кўра, икки учувчи ҳалок бўлган. Тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқлиги айтилмоқда.

Mash маълумотига кўра, учоқ самога кўтарилгач, экипаж аъзолари билан алоқа узилган. Орадан 20 дақиқа ўтиб, Су-30 ортидан бошқа бир учоқ жўнатилган. Ушбу учоқ учувчилари Су-30даги экипаж ҳушсиз ҳолатда эканлигини кўришган. Бу пайтда учоқ аллақачон ерга яқинлашиб қолган пайт бўлган. Бир неча дақиқадан сўнг Су-30 Ново-Ленино микро туманидаги турар-жой биносига урилган. Учоқ қулагач, 200 квадрат метр майдонда ёнғин бошланган.

Россия Тергов қўмитаси учоқ қулаши бўйича иш қўзғади.

Бу сўнгги кунларда Россияда иккинчи ҳарбий самолёт қулашидир. Ўтган ҳафта Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳрида ҳарбий самолёт аҳоли мавзесига қулаши оқибатида 15 киши, жумладан, уч бола ҳалок бўлган эди. Учоқ 9 қаватли бинога урилиши оқибатида 70та квартира вайрон бўлган эди.

XS
SM
MD
LG