Ссылки доступа

Бишкекда бир қатор фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олинишига қарши намойиш бўлиб ўтмоқда


Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинган бир қатор фаол ва сиёсатчиларнинг озод этилиши учун норозилик акцияси бўлиб ўтмоқда.

Намойишчилар Михаил Фрунзе ҳайкали ёнида тўпланиб, Ала-Тоо майдони томон йўл олишди.

Намойишда иштирок этаётган фуқаролик фаоли Улан Усоюнга кўра, намойишчилар сиёсатчилар ва фаолларга нисбатан сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилмоқда.

“Биз тинч юришдамиз ва бизда бор-йўғи иккита шиор бор: “Кампир-Обод Қирғизистонники” ва “Барча ҳибсга олинган сиёсатчилар ва блогерларни озод қилинг”. Биз фақат шу талабларни илгари сурдик”, - дейди фаол.

Шунингдек, митинг иштирокчилари президент Садир Жапаровга қамоққа олинганларни озод этиш талаби билан жамоавий мурожаат ёзмоқчи.

23 октябрь куни эрталаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қатор сиёсатчилар ва фаолларнинг уйларида тинтув ўтказди. Аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова ИИВ 16 кишини 48 соат давомида ҳибсга олганини айтганди. Қирғизистон Республикаси Омбудсманı Атир Абдраҳматованинг сўзларига кўра, ҳозирда 21 киши оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олингани маълум.

Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 36-278-моддаси (“Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш”) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради ИИВ.

22 октябрь куни сиёсатчи Равшан Жеенбеков 15 октябрь куни Ўзган вилоятида бўлиб ўтган қурултой қарорига мувофиқ, айрим сиёсатчилар, сиёсий ташкилотлар ва фаоллар томонидан Кемпирободни ҳимоя қилиш қўмитаси тузилгани ҳақида маълум қилди. Бунгача сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга ўтказилишига қаршилар Ўзган вилоятида юриш ўтказган эди.

Шу куни, 22 октябрь куни Президент Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига интервью бериб, Кампиробод сув омбори масаласига батафсил тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, «провокаторлар» халқни чалғитмоқда. Унинг айтишича, сув омбори бўйича келишувлар Жогорку Кенешда очиқ кўриб чиқилади ва аҳолининг 99 фоизи ҳужжатни қўллаб-қувватлайди. У митинглар ва юришлар ортида ким турганини билишини қайд этди.

XS
SM
MD
LG