Ссылки доступа

Қозоғистон 300 минг доллар сармоя киритганларга яшаш учун рухсатнома бермоқчи


Қозоғистон мамлакат иқтисодиётига 300 минг доллар сармоя киритган хорижликларга яшаш учун рухсатнома беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда маҳаллий Tengrinews.kz нашри савдо ва интеграция вазири Серик Жумангаринга таяниб хабар берди.

Ҳозирги босқичда Қозоғистон иқтисодиётига 300 минг доллардан ортиқ сармоя киритган хорижлик ишбилармонларга яшаш учун рухсатнома олиш ҳуқуқи билан 10 йил муддатга виза олиш имкониятини тақдим этишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.

Вазирнинг тушунтиришича, биринчи навбатда бюджетга солиқ шаклида қўшимча молиявий тушумлар олиб келадиган инвестициялар ва янги иш ўринлари яратилиши ҳисобга олинади.

Жумангарин шунингдек, энди норезидент инвесторлар инвестор визасини беш кун эмас, уч кун ичида олишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

Россияда 21 сентябрдан 3 октябргача сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонга 300 мингга яқин россиялик кириб келган, ярмига яқини чиқиб кетган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 21 сентябридан буён 2177 нафар хорижлик, шу жумладан 998 нафари Россия фуқаролари доимий яшаш учун рухсат олиш учун, 1398 нафар чет эл фуқароси, шу жумладан 221 нафари Россия фуқаролари фуқароликни олиш учун мурожаат қилган.

Россияликларнинг катта оқими фонида, Казнет бу оқим меҳнат бозорига салбий таъсир кўрсатиши ва кўчмас мулк бозоридаги нархларга таъсир қилишидан қўрқишини билдиради. Мамлакат расмийлари аҳолини тинчлантиришга уриниб, кўпчилик келаётганлар Қозоғистондан транзит ҳудуд сифатида фойдаланиб, учинчи давлатларга кўчиб ўтишларини таъкидламоқда.

Ўтган ҳафта Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев “минтақада асосий солиқ йиғимлари келиб тушадиган бир қатор йирик экспорт қилувчи корхоналарга ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ёрдам бериш керак”, деди. Унинг айтишича, Қозоғистонга Россиядан 50 дан ортиқ халқаро компаниялар кўчиб келган. Ҳукумат маълумотларига кўра, 300 та глобал компания ишлаб чиқариш ва офисларини Россиядан Қозоғистонга кўчиришга тайёр.

Аввалроқ Тўқаев ҳукуматга Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг Қозоғистонга кўчирилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам кўрсатма берган эди.

XS
SM
MD
LG