Ссылки доступа

Имомали Раҳмон Тожикистонда электр энергияси етказиб беришга лимит жорий қилинганини тасдиқлади


Имомали Раҳмон Нурекда, 2022 йил 24 октябрь. Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати
Имомали Раҳмон Нурекда, 2022 йил 24 октябрь. Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатда электр энергияси етказиб беришда чекловлар жорий этилганини тасдиқлади.

Жорий йилнинг сентябрь ойи охиридан бери Тожикистоннинг турли вилоятлари аҳолиси уйларида электр энергияси вақти-вақти билан узилиб қолганидан шикоят қилиб келади. Холдинг раҳбарияти яқин вақтгача чекловлар киритилганини тан олмаган ва бу подстанциялар ва электр узатиш линияларини таъмирлаш туфайли вақтинчалик носозликлар бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Имомали Раҳмон 24 октябрь куни Нурек шаҳри аҳолиси ва фаоллари олдида сўзлаган нутқида “шу кунларда дунёнинг кўплаб давлатлари энергетика инқирози гирдобида, ҳаттоки баъзи ривожланган давлатлар ҳам электр энергиясининг чекланган тизимини жорий қилмоқдалар."

"Ҳозирги вақтда қулай об-ҳаво шароитидан фойдаланиб, мамлакатимизда электр энергияси таъминотида ҳам чеклов мавжуд. Бироқ бу ҳолат вақтинчалик, совуқ мавсумда аҳолини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш мақсадида жорий қилинган", - дейди Раҳмон.

Унга кўра, ҳар бир оила, барча ташкилот ва муассасалар куз-қиш мавсумида электр энергиясидан тежамкор фойдаланишга жиддий эътибор қаратиши зарур.

Имомали Раҳмоннинг Нурек шаҳрига хизмат сафари станция ҳовлисида жойлашган Нурек ГЭСининг биринчи агрегати ишга туширилиши ҳамда вилоятдаги энг йирик ГЭСлардан бири ишга туширилганининг 50 йиллиги муносабати билан амалга оширилди.

Тожикистонда электр энергиясини етказиб беришга чекловлар тахминан 20 йил давомида жорий қилинган ва октябрдан апрель ойининг ўрталарига қадар давом этган. 2017 йилда куз-қиш даврида биринчи марта Тожикистон электр энергияси етказиб беришга чеклов қўймади. Шундан сўнг “Барки тожик” компанияси маълум қилишича, шу вақт ичида мамлакатда янги кичик ГЭС ва иссиқлик электр станциялари қурилгани қишни электр энергиясига чекловсиз ўтказиш имконини беради. Имомали Раҳмон 2018 йилда Роғун ГЭСининг биринчи блокини ишга тушириш маросимида мамлакат аҳолиси тез орада электр энергияси лимитини бутунлай унутишини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, “Барки Тожик” давлат энергетика холдинги 12 октябрь куни мамлакатда электр энергияси етказиб беришга чекловлар киритилганини тасдиқлаган, бироқ айни пайтда бу зарур чора эканлигини таъкидлаган эди. Компания баёнотида айтилишича, Нурек сув омбори энг юқори нуқтага тўлган бўлсада, баҳоргача сув етишмаслиги эҳтимоли бор. Бу ҳолат, “Барки Тожик” мутасаддиларига кўра, жорий йилда “1 миллиард кВт/соатдан ортиқ” электр қуввати тақчиллигига сабаб бўлган.

Тожикистон аҳолисининг айтишича, мамлакат ҳукумати аввало ўз фуқароларини электр энергияси билан таъминлаши, кейин эса қишда қўшни давлатлар – Афғонистон ва Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилиш ҳақида ўйлаши керак. Уларнинг фикрича, электр энергияси учун тўловни ўз вақтида тўлаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги керак. Расмийлар доимий равишда аҳолининг электр энергияси учун катта қарздорлигини таъкидлаб келади.

XS
SM
MD
LG