Марказ экспертларига кўра, бунга сентябрь ойида ижара уйларга бўлган талабнинг кескин ошгани ҳам сабаб бўлган. Жумладан, Шайхонтоҳур туманида ижара уйнинг 1 квадрат метри 12,5 долларни, Миробод туманида 10,8 долларни, Яккасарой туманида10,8 долларни ташкил қилган. Нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (6,7 доллар) ва Бектемир (4,6 доллар) туманларида кузатилди.
Марказ ҳисоботида қайд этилишича, уй ижараси нархларининг энг юқори ўсиши Олмазор (49%), Яшнобод (44%), Сергели (34%) ва Шайхонтоҳур туманларида (33%) бўлган.
Аввалроқ Озодлик радиоси Россиядаги сафарбарликдан қочаётганларнинг бир қисми Тошкентга келиб ўрнашгани ортидан ижара нархлари қимматлагани ҳақида ёзган эди. Давлат Статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини хабар қилганди.
Хабарларда сафарбарлик эълон қилинганидан буён 300 минг киши Россияни тарк этгани айтилади. Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги IT-Park февралдан бери мамлакатга 6 минг нафарга яқин юқори малакали мутахассислар кўчиб келгани орқали "бойигани"ни маълум қилган эди.
Ижтимоий тармоқларда сафарбарликдан қочганларнинг Тошкентга кириб келиши оқибатида ижара нархини оширмоқчи бўлган уй эгалари талабаларни ва бошқа ижарачиларни ўз уйидан чиқариб юбораётгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Тошкентда ижара нархи йил бошидан бери 22,4 фоизга қимматлаганини билдирди.