Ссылки доступа

Илон Маск ўзини танқид қилган Гарри Каспаровни “аҳмоқ” деб атади


SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск шахмат бўйича жаҳон чемпиони, россиялик мухолифатчи Гарри Каспаровни ўзини танқид қилгани учун “аҳмоқ” ва “тентак” деб атади.

Аввалроқ Маск урушни тўхтатиш учун украин ҳукумати президент Владимир Путин билан муроса қилиши кераклигини айтган эди. Каспаров Маскнинг бу фикрига нисбатан муносабат билдирар экан ижтимоий тармоқда: “Нега Силикон водийсидаги саройларида комфортда яшаётган одамлар Украинага ақл ўргатиш билан банд бўлишмоқда? Бу маънавий телбалик ва геосиёсий кўрликдир” деб ёзди. Бунга жавобан Маск твиттерда “Каспаров деярли менинг iPhone’ним каби шахматни яхши ўйнаши рост гап, аммо бошқа масалаларда у тентак” деб айтди.

“Мен сарой у ёқда турсин, ҳатто уйга ҳам эга эмасман, аҳмоқ”, деди у ўз пости сўнггида Каспаровни назарда тутган ҳолда.

Октябрнинг бошларида миллиардер Илон Маск Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашганди. У твиттер саҳифасида урушни тўхтатиш юзасидан тўртта таклифни ёйинлади.

Маскнинг фикрича, аннексия қилинган ҳудудларда БМТ назорати остида шаффоф ва демократик референдумлар ўтказилиши зарур. Агар Россия аннексия қилган ҳудудлар Украинада қолишни истаса, Россия ортга чекиниши лозим. Маск Қримни Россияга беришни таклиф қилди. Ярим орол сув таъминоти бўйича кафолатларни олиши зарур. Маск, шунингдек, Украина нейтрал мақомни сақлаб қолиши кераклигини айтди.

Маскнинг бу таклифлари халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқид қилинди. Шундан сўнг Маск ўзининг SpaceX ширкати Россияга қарши самарали зарбалар берилишига кўмаклашаётган Starlink сунъий йўлдош алоқасини молиялаштиришни тўхтатишини билдирган эди. Кейинроқ Маск бу фикридан воз кечди.

Гарри Каспаров жаҳоннинг шахмат бўйича 13-чемпиони ва тарихдаги энг буюк гроссмейстерлардан бири ҳисобланади. 2005 йилда у ўзининг шахматдан кетганини эълон қилди ҳамда Владимир Путиннинг ашаддий танқидчисига айланди. Каспаров “Бирлашган фуқаролик фронти” ва “Солидарность” каби мухолифат ҳаракатлари асосчиларидан биридир.

2013 йилда Каспаровга бир неча марта ҳужумлар ва унга қарши жиноят ишлари очиш таҳдидлари бўлди. Шундан сўнг у Россияни тарк этди.

XS
SM
MD
LG