Ссылки доступа

Қирғизистон Иссиқкўлда “Smart City” шаҳрини қуриш масаласини муҳокама қилмоқда


Корея Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги вакиллари Иссиқкўлда янги “Ақлли шаҳар” қурилишини муҳокама қилиш учун Қирғизистонга келди. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги хабар берди.

Бошқармада таъкидланганидек, лойиҳа “Грант асосида глобал ҳамкорлик орқали ақлли шаҳар лойиҳаларини ривожлантириш бўйича” K-City Network дастури доирасида амалга оширилмоқда.

“Лойиҳани амалга ошириш учун Корея Республикаси Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг Хорижий инфратузилмани ривожлантириш ва шаҳарсозлик давлат корпорацияси «Хан-А» консорциумини жалб қилди”, — дея таъкидлади Иқтисодиёт вазирлиги.

Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Канат Абдраҳмоновнинг сўзларига кўра, “Ақлли шаҳар” лойиҳаси “аҳоли турмуш сифатини яхшилашга ва Қирғизистоннинг туристик жозибадорлигини оширишга ёрдам беради”.

“Ақлли шаҳар бош режасини ишлаб чиқишда асосий эътибор логистика имкониятлари ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда халқаро миқёсда рақобатбардош шаҳар қуришга қаратилади”, — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, Иқтисодиёт вазирлиги Иссиқкўлда “Ақлли шаҳар” қурилишининг бошланиш санасини маълум қилмаган, лойиҳа учун зарур бўлган миқдорни ҳам кўрсатмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июль ойида Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси Иссиқкўл қирғоғида 4 минг гектар майдонга эга “экологик тоза” Асман шаҳрини қуриш ғоясини тақдим этган эди.

Бир қатор фуқаролик фаоллари бу лойиҳага қарши чиқдилар ва “Асман шаҳри қурилишига йўқ” ҳаракатини туздилар. Уларнинг фикрича, Иссиқкўл ва унга туташ ҳудуд биосфера зонаси бўлиб, шу сабабли шаҳар қурилиши экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан улар мамлакат раҳбариятига ва Қирғизистон Республикаси Бош прокурорига Асман қуриш ғоясидан воз кечиш илтимоси билан мурожаат қилишган. Бироқ Асман шаҳри лойиҳаси қурилишнинг қайси босқичида экани ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG