Ссылки доступа

Тошкент вилоятида XI-XII ва VII-VIII асрларга оид иншоот қолдиқлари топилди


Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган Қанқа ёдгорлигида олиб борилган изланишлар натижасида XI—XII ва VII—VIII асрларга оид маҳобатли иншоот қолдиқлари топилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, Фанлар академияси Миллий археология маркази Қанқа мажмуаси экспедициясининг 2022 йили Тошкент воҳасининг энг йирик шаҳарларидан бўлган тарихий Қанқа ёдгорлигида олиб борган археологик изланишлари давомида воҳанинг ўрта асрлар тарихига оид янги маълумотлар кашф этилган.

Жумладан, XI—XII асрлар билан даврлаштирилган узунлиги 12 метр, кенглиги 6,30 метр бўлган катта зал топилган. Унинг кириш қисмидаги поли пишиқ ғиштлар билан терилган. Залнинг ён деворлари қалинлиги 1,30 метр кенгликда экани унинг маҳобатли иншоотлигидан далолат беради.

Қазиш ишлари давомида ўрта аср қатламлари остида илк ўрта асрларга оид бўлган яна бир йирик иншоот қолдиқлари топилди. Иншоот Қанқа ёдгорлиги илк ўрта асрларга тегишли ибодатхона шарқий тарафида жойлашгани ушбу йирик қурилиш қолдиқлари ибодатхона билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида хулосалар чиқаришга имкон беради.

2022 йилга мўлжалланган дала-қазиш тадқиқотлари якунланди. Юқоридаги фикрлар дастлабки тадқиқот натижалари хулосалари бўлиб, тақдим этилган маълумотлар қайта ишлангач, тўлиқ якуний хулосалар берилади, дейилади Фанлар академияси маълумотида.

XS
SM
MD
LG