Ссылки доступа

Навалний АҚШнинг фуқаролик жасорати учун мукофотини олди


RUSSIA-POLITICS/NAVALNY

Нью-Йоркда жойлашган Train Foundation фуқаролик жасорати мукофотини россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийга сиртдан топширди.

Маросим Нью-Йорк университетида бўлиб ўтди. Мукофотни топшириш чоғида Train Foundation жамғармаси Навалнийнинг Россиядаги эркинлик ва ошкоралик йўлида қилган ишларини тилга олди.

Навалнийнинг қуролдоши Леонид Волков мукофотни қабул қилди. Унинг сўзларига кўра, Навалний ҳар куни Россия қамоқхонасида жазони ўтаб, жасоратини исботламоқда.

Маросимда балет раққоси, хореограф ва актёр Михаил Баришников ҳам чиқиш қилди. Унинг сўзларига кўра, Навалнийнинг вазифаси “Россияга нисбатан демократикроқ қарашни тарғиб қилиш”дир.

1974 йилда Совет давлат балетида гастроль пайтида Канадага қочиб, кейин АҚШга кўчиб ўтган Баришников Навалний "бошқа шафқатсиз авторитар Россия"га қарши "ақлдан озганча жасур" эканлигини айтди.

Мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний фирибгарликда айбланиб, 2021 йил февралидан бери Владимир вилоятидаги қаттиқ режим колониясида қолмоқда. 2022 йил март ойида суд уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Навалний ва унинг тарафдорлари ишни сиёсий деб билади, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу баҳога қўшилади.

Ўтган ҳафта Навалний ўзига қарши яна бир жиноий иш – терроризм ва экстремизмга даъватлар бўйича қўзғатилганини маълум қилди. Мухолифатчига кўра, жами у 30 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG