Ссылки доступа

Грузияда 112 минг россиялик яшамоқда


Грузия Ички ишлар вазирлиги шу кунларда мамлакатда январь-сентябрь ойлари оралиғида Россиядан келган 112 773 киши яшаётганини маълум қилди. Бу Украинадан келганлар сонидан тўрт баробарга кўпдир. ИИВнинг билдиришича, ҳозир Грузияда 25 779 украиналик бўлиб турибди.

"Эхо Кавказа" сайтининг хабар беришича, ИИВ бу рақамларни ҳукумрон «Грузия орзуси» партиясидан парламент депутати бўлган Лекван Карумидзе сўровига жавоб тариқасида маълум қилди. Унда 2022 йилнинг 1 январидан 30 сентябргача бўлган рақамлар акс этган. Россияда мобилизация эълон қилинганидан сўнг октябрь ойида келган руслар ҳисобга олинса, бу рақам янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Аввалроқ Михаил Саакашвили доҳил бўлган «Ягона миллий ҳаракат» мухолифат партияси россияликларнинг омавий тарзда кириб келаётганидан ташвиш билдирган ва уларни “Кремлнинг бешинчи колоннаси” деб атаган эди. Ҳукумрон “Грузия орзуси” партияси эса бу ҳолатда ҳеч қандай жиддий хавф йўқ, деб ҳисоблайди.

Грузия аҳолиси сони 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 3 миллион 688 минг киши эди. Шундан келиб чиқилса, Грузияга келган россияликлар сони мамлакат аҳолисининг тақрибан уч фоизига тенглашди.

Украина босқини ортидан юз минглаб россияликлар мамлакатни тарк этди. Уларнинг бир қисми, жумладан, Ўзбекистонга келиб жойлашди.

Аввалроқ Озодлик радиоси Россиядаги сафарбарликдан қочаётганларнинг бир қисми Тошкентга келиб ўрнашгани ортидан ижара нархлари қимматлагани ҳақида ёзган эди. Давлат Статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини хабар қилганди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида мамлакатга Россиядан келадиган сайёҳлар оқими янада кўпайишини прогноз қилмоқда.

Вазирликнинг инвестициялар ва туристик инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброрхўжа Миноваровнинг куни кеча Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида билдиришича, ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келган. Мулозим келаётган қиш мавсуми учун ҳам россиялик сайёҳлар кўплаб жойларни бронь қилганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG