Ссылки доступа

Россия ТИВ эълон қилган “Украина ифлос бомбаси”га оид сурат фейк бўлиб чиқди


Россия Ташқи ишлар вазирлиги 26 куни ўзининг твиттер саҳифасига жойлаштирган пост фейк бўлиб чиқди. Мазкур постда вазирлик номи айтилмаган иккита украин ташкилоти ифлос бомбани тайёрлаш тўғрисида буйруқ олганлари айтилади.

Мазкур постга илова қаторида жойлаштирилган суратларнинг бир қисми Словения ва Мексикада тасвирга олингани аниқланди.

Словения ҳукумати Россия ТИВ постига ўз муносабатини билдирди. Унгда мамлакат ядровий чиқиндиларни сақлашга масъулият билан ёндашаётгани ва ифлос бомбага оид ҳеч қандай ишларни олиб бормаётгани таъкидланади.

Россия ТИВ твиттерга жойлаштирган фотосуратларда номаълум атом электр станция, радиоактив чиқиндиларни сақлаш учун контейнерлар ва лотин алифбосида “радиоактив” деган ёзуви ҳамда радиация белгиси туширилган пластик қоплар акс этган. Россия ТИВ фотосуратлар остига Украинада ифлос бомбани яратиш ишлари якуний фазага етгани тўғрисида тагхат ёзган.

Твиттер фойдаланувчилари пластик қоплар акс этган фото Мексикада 2016 йилда олинганини; "радиоактив" сўзи словен тилида ёзилганини таъкидлашмоқда. Бу фотосурат илк маротаба Словениядан радиоактив материаллар ўғирланганини фош этган Мексика полицияси томонидан эълон қилинган.

Фойдаланувчиларнинг аниқлашларича, яна бир нечта фотосурат ТАСС томонидан Свердловск вилоятидаги Белояр АЭСида тасвирга олинган. Битта фотосурат эса, Словения ҳукуматининг билдиришича, Словения Радиоактив чиқиндиларни назорат қилиш агентлигига мансубдир. Бу сурат 2010 йилда тасвирга олинган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтган ҳафтада Украина ифлос бомба тайёрлаётгани ва уни портлатмоқчи экани тўғрисида баёнот берган эди. Украина бу баёнотни қатъийан рад этди. Украина Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассисларини мамлакатга келишга ва Украинанинг ифлос бомбани тайёрлаш имкониятлари бор ёки йўқлигини текширишга чақирди. Президент Зеленский ядровий қуролни Европада қўллаш тўғрисида ўйлаётган ягона одам Владимир Путиннинг ўзидир, деб фикр билдирди.

АҚШ, Британия ва Франция расмийлари Россиянинг иддаолари асоссиз эканини айтдилар.

Ифлос бомба контейнерли радиоактив изотоп ва портловчи модда зарядидан иборат мосламадир. Заряд портлатилиши оқибатида изотопли контейнер парчаланади ва радиоактив модда зарб тўлқини таъсирида катта майдонга тарқалади. Унинг портлаши кичик қувватли ядро зарядининг портлаши эффектини беради, ҳолбуки ифлос бомба ядровий қурол ҳисобланмайди. Ҳозиргача ифлос бомба ёки шунга ўхшаш мослама портлатилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG