Адвокатнинг сўзларига кўра, журналистга маҳаллий ресторанлардан биридаги муштлашувдан сўнг фуқаронинг соғлиғига зарар етказгани учун жиноий иш очилган. Жароҳат олган шахснинг ҳукуматпараст Авангард ёшлар ташкилотининг собиқ фаоли эканлиги айтилади.
Пенжикент шаҳар прокуратураси Сино Ниёзовга нисбатан 237 модданинг 3-қисми («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Мустақил телеканал директори беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Манбаларга кўра, Сино Ниёзовга нисбатан «Авангард» ҳукуматпараст ёшлар ташкилотининг собиқ фаоли, Тожикистон Ёшлар ва спорт қўмитаси маҳаллий бўлими ходими Беҳзод Муҳаммадийнинг баёнотидан сўнг жиноий иш очилган. Ёш фаолнинг иддао қилишича, 9 сентябрь куни Сино Ниёзов ва уч ҳамроҳи Панжикентдаги «Меҳр» ресторани олдида уни калтаклаб, кийимларига сийишган.
Сино Ниёзовнинг адвокати Наргис Азизқулованинг айтишича, ҳимоясидаги шахс бу айбловни рад этади, бироқ у Беҳзод Муҳаммадийни ресторанда рақсга тушаётганида тасодифан туртиб юборганини тан олади.
“Кейинроқ ресторан ҳовлисида жанжал юз берди. Муштлашув бўйича тергов олиб борилмоқда, унинг давомида айбдор аниқланади”, - дейди адвокат. Унинг сўзларига кўра, тергов ноябрь ойининг ўрталарига қадар давом этади.
Беҳзод Муҳаммадий билан суҳбатлашиш уринишларимиз бесамар кетди. Айни пайтда унинг дўстларидан бири ижтимоий тармоқларда маст ҳолатда тасвирланган суратлар пайдо бўлганидан кейин Беҳзод Муҳаммадий прокуратурага ариза билан мурожаат қилганини айтди.
“Беҳзод ресторандаги муштлашувни аллақачон унутган. Аммо кимдир ижтимоий тармоқларда “Ёшлар ва спорт бўлими бош мутахассиси аҳволига қаранг”, деб атайлаб суратларни жойлаштирганидан сўнг, Беҳзод прокуратурага ариза ёзишга қарор қилди. Дарҳақиқат, Беҳзод ёшлар тарбиясига жиддий ҳисса қўшмоқда, чақирув кампаниясида фаол иштирок этмоқда”, - дейди исми сир қолишни маъқул кўрган манбамиз.
26 ёшли Беҳзод Муҳаммадий 2015 йил бошида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган «Авангард» ёшлар гуруҳининг собиқ фаоли. Авангард сўнгги йилларда мамлакат ташқарисида тез-тез мухолифатга қарши чиқиб, халқаро ташкилотларга мактуб йўллаб, Тожикистонда тақиқланган партия ва ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бас қилишни талаб қилган.
«Ориённур» мустақил телеканали директорининг ҳибсга олиниши Тожикистонда ҳибсга олинган журналист ва блогерлар устидан суд жараёнлари давом этаётган бир пайтга тўғри келди. Улардан баъзилари узоқ муддатга қамалган.
Адвокат Наргис Азизқулованинг сўзларига кўра, жиноят иши ҳимоячисининг касбий фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Айни пайтда, «Ориённур» мустақил телеканалининг директори ҳибсга олинганидан кейинги тақдири ноаниқлигича қолмоқда.