Ссылки доступа

Илон Маск 44 миллиард долларга сотиб олган Twitter тармоғига расман раҳбарлик қила бошлади


SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 28 октябрь куни расман Twitter тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олишни якунлади ва ширкатга раҳбарлик қилишга киришди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Маск Twitter ижрочи директори Параг Агравал, молия директори Нед Сигал, ҳуқуқий масалалар бўйича раҳбар Виджай Гадде ва ширкатнинг бош юридик маслаҳатчиси Шон Эджеттни ишдан бўшатди. Маск уларни ўзини ва инвесторларни платформадаги фейк аккаунтлар тўғрисида нотўғри маълумот бериб чалғитганликда айблади. Маск янги раҳбариятни шакллантирмагунига қадар ширкатни ўзи бошқариб туриши кутилмоқда.

27 октябрда Маск Twitter штаб-квартирасига кириб келиши видеосини эълон қилган эди. У, шунингдек, ижтимоий тармоқдаги статусини Chief Twit, яъни твитлар шефи деб ўзгартирди.

Илон Маск апрелда Twitter ширкатини 44 миллиард долларга сотиб олмоқчи эканини билдирган эди. Кейинроқ у фейк аккаунтлар сонини ҳисоблашда ноаниқликлар мавжудлиги ортидан ширкатни сотиб олишни ортга сурганди.

Июль ойида Маск тармоқни сотиб олишдан бош тортди. Тадбиркор буни ширкат унга етарли даражадаги маълумотларни тақдим эта олмагани билан изоҳлади.

Twitter раҳбарияти Илон Маскнинг бу баёнотини “тўқима” деб атади ва Маскни ширкатни сотиб олиш жараёнини ниҳоясига етказишга мажбурлаш илтимоси билан судга мурожаат қилди. Маск ўз навбатида ширкатга қарши судга даъво аризаси киритган.

Октябрь ойининг бошларида Илон Маск Twitter корпорацияси раҳбариятига яна тармоқни ўзига сотишни таклиф қилгани тўғрисида хабар берилганди.

XS
SM
MD
LG