Ссылки доступа

Мирзиёев ЕИни “вазият тубдан ўзгарган” бир вақтда Марказий Осиё интеграциясига эътибор қаратишга чақирди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрда Астанада ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида ЕИни Марказий Осиё интеграциясига эътибор қаратишга чақирди.

“…Глобал ва минтақавий вазият тубдан ўзгариб, бугунги кунда Марказий Осиёдаги интеграциялашув жараёнининг европалик ҳамкорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишини талаб қилмоқда”, деди президент.

Мирзиёев шундан келиб чиққан ҳолда Европа Иттифоқининг уч йил олдин Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясини бажариш учун кўп томонлама дастурий ҳужжат – “Йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Ўзбекистон президенти бундан ташқари ахборот алмашиш ва замонавий таҳдидларга биргаликда қарши курашиш учун Марказий Осиё ва ЕИ давлатлари махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини киритди.

Мирзиёев Афғонистондаги вазият ҳақида гапирар экан, қиш мавсумида бу мамлакатда гуманитар вазиятнинг кескинлашувидан ташвиш билдирди ҳамда халқаро ҳамжамиятни афғон халқига кўмак кўрсатишга чақирди.

Президент Ўзбекистоннинг ЕИ билан иқтисодий алоқалари ривожланиб бораётганига алоҳида тўхталиб, бош вазир ўринбосарлари даражасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклиф қилди.

Мирзиёев ўз сўзида Ўзбекистонда “янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтириш” режалаштирилганини, “бу ўринда гап аввало қонуннинг сўзсиз устуворлиги, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳақида бораётгани"ни айтди.

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги саммит илк бора ўтказилмоқда. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг етакчилари ҳамда Европа кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этди.

Озодлик аввалроқ инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи тўртта халқаро ташкилот Шарль Мишелдан Қозоғистон ва Ўзбекистон лидерлари билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги “долзарб масалалар”ни кўтаришни сўрагани ҳақида хабар қилган эди.

Европа Иттифоқи кенгаши президенти Шарль Мишель 8 октябрь куни ўз твиттер саҳифасида 26-27 октябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Астанада минтақа давлатлари лидерлари билан ўтадиган йиғилишда қатнашишини, 28 октябрда эса Тошкентга боришини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG