Ссылки доступа

Сеулдаги тиқилинчда қурбонлар орасида ўзбекистонлик ҳам бор


Жанубий Корея пойтахти Сеул марказида Хеллоуин байрамини нишонлаш вақтида юз берган тиқилинч оқибатида 151 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида 19 нафар хорижлик, жумладан, камида бир нафар ўзбекистонлик ҳам борлиги аниқланди.

29 октябрь куни Жанубий Корея пойтахти Сеул марказида Хеллоуин байрамини нишонлаш вақтида юз берган тиқилинч оқибатида 151 нафар киши ҳалок бўлди, 82 нафари жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар орасида 19 нафар хорижлик, жумладан, Ўзбекистон, Эрон, Хитой ва Норвегия фуқаролари ҳам борлиги аниқланди, деб ёзади Korea Times Yonhap ахборот агентлигига таяниб.

Маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 97 нафари аёллар, 54 нафари эркаклардир. Ҳодиса — мамлакат тарихидаги энг қонли тиқилинч Hamilton меҳмонхонаси яқинидаги тор кўчада содир бўлган. Сеул мериясига воқеа юзасидан бедарак йўқолганлар ҳақида 350 га яқин хабар келиб тушган.

Шанба куни Хеллоуин байрами Жанубий Корея пойтахтида йирик коронавирус чекловлари олиб ташланганидан кейин уч йил ичида биринчи марта нишонланди. Фожиа юз берган кўчада кўпчилик байрамона либосларда бўлган.

Таъкидланишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти ўсмирлар ва 20 ёшдан ошган ёшлар бўлган.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси Сеулдаги тиқилинчда вафот этган ўзбекистонлик ҳақида маълумот берди.

ТИВ матбуот хизмати Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси жароҳат билан шифохонага ётқизилгани, унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланаётганини маълум қилди.

«Вазият Элчихона назоратига олинган, марҳумнинг жасадини ватанга олиб келиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда, Ўзбекистон фуқароси жойлашган тиббиёт муассасаси билан доимий алоқа ўрнатилган.

Марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз ва Корея Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Сеулдаги Элчихонасига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда миллий мотам эълон қилди.

Дунёнинг қатор мамлакатлари раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдирди.

«Президент Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳри марказида юз берган фожиа оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлга таъзия йўллади. Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишларини тилади», - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

XS
SM
MD
LG