Овоз бериш чоғида қўмита аъзолари Адахан Мадумаров, Чингиз Айдарбеков ва Нуржигит Қодирбековлар норозилик сифатида мажлисни тарк этишди.
Мадумаров «Азаттик»га берган интервьюсида келишув лойиҳасида Ўзбекистон Қирғизистон учун бир қатор қийин шартларни қўйганини айтди: “Биз сув билан таъминлашимиз керак. Шунингдек, улар сувни тозалашлари керак. Уларнинг таъкидлашича, сув сатҳи 900-горизонталдан ошмаслиги керак, аммо форс-мажор ҳолатларда ҳаддан ташқари кўтарилиши мумкинлиги айтилади.
Вазирлар Маҳкамаси, мамлакат раҳбарияти келишувга ҳозирча изоҳ бермади.
Ўзбекистон билан келишув лойиҳаси қўмитада ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилди. Ҳужжат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан киритилган. Битимга уч депутат – Адахан Мадумаров, Чингиз Айдарбеков ва Нуржигит Қодирбеков қарши чиқди.
10 октябрь куни қўмита Ўзбекистон билан чегаранинг айрим участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини кўриб чиқди ва кўпчилик овоз билан маъқуллади. Ўшанда қўмита раиси Чингиз Айдарбеков қарши овоз берган ва қарорни имзолашдан бош тортган эди. У ўз позициясини депутатларда барча ҳужжатлар йўқлиги билан асослаб берди.
Шундан сўнг, Айдарбеков қўмита раҳбари лавозимини тарк этди, унинг ўрнига Улан Примов сайланди. Бундан ташқари, президент фармони билан Айдарбеков Фавқулодда ва Мухтор элчи лавозимидан маҳрум этилди.
Ўтган ҳафтада Кампиробод сув омбори остидаги ерларнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.
Расмийларнинг айтишича, «провокаторлар» аҳоли ўртасида Кампиробод сув омбори ҳақида ёлғон маълумот тарқатмоқда.