Ссылки доступа

Октябрда уй ижараси 16 фоизга ошди, нархларнинг йиллик ўсиши 12,2 фоизга етди


Давлат статистика қўмитаси октябрда уй-жой ижараси сентябрь ойига нисбатан ўртача 16,1 % га ошганини маълум қилди. Бунда энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида 51,6 % қайд этилган бўлса, энг паст ўсиш 1 % билан Хоразм вилоятида кузатилган.

Уй-жойларни ижарага бериш хизматлари нархлари йил бошидан буён ўртача 20,9 % га ошгани кузатилган. Уй-жойларни ижарага бериш хизматлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан яъни йиллик нисбатда ўртача 24,2 % га ошган.

Қўмита ҳисоботида, шунингдек, октябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,2 фоизга ошгани маълум қилинди. Расман билдирилишича, бу билан йиллик ўсишда истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,2 % га етди.

Октябрь ойида нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,5 фоизга ошди. Шу даврда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,4 % га ва ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,9 % га ошган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Россиядаги сафарбарликдан қочаётганларнинг бир қисми Тошкентга келиб ўрнашгани ортидан ижара нархлари қимматлагани ҳақида ёзган эди.

Хабарларда сафарбарлик эълон қилинганидан буён камида 700 минг киши Россияни тарк этгани айтилади. Давлат Статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини хабар қилганди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонга 2022 йилнинг 9 ойи давомида 318 156 нафар Россия фуқароси кириб келган. Уларнинг 210 минг 902 нафари эркак, 107 минг 254 нафари аёл.

XS
SM
MD
LG