Ссылки доступа

Вазир: Қозоғистон мактабларининг 90 фоиздан ортиғида интернет талабларга жавоб бермайди


Қозоғистондаги мактабларнинг атиги 10 фоизидагина тавсияларга жавоб берадиган интернет мавжуд.

Бу ҳақда 1 ноябрь куни Қозоғистон рақамли ривожланиш вазири Багдат Мусин ҳукумат йиғилишида Қозоғистонда 2022-2026 йилларга мўлжалланган таълимни ривожлантириш концепциясини муҳокама қилиш чоғида маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, атиги 664 та мактаб ёки мактаблар умумий сонининг 10 фоиздан камроғи Халқаро электралоқа иттифоқининг 20 ўқувчига 1 Мбит/с интернет ўтказиш қобилияти бўйича тавсияларига жавоб беради.

“Бизнинг таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, 6414 та мактабда, яъни 7078 та мактабнинг 90,61 фоизида тезлик ушбу тавсияларга жавоб бермайди”, — деди Мусин.

Унинг ҳисоботи асосида Қозоғистонда ҳали ҳам интернетга уланмаган мактаблар борлиги маълум бўлди. Вазирнинг сўзларига кўра, булар 7098 та мактабдан атиги 20 таси.

Бу мактаблар чекка қишлоқларда, аҳолиси кам, дейди у. Бироқ, Мусиннинг хабар беришича, Олмаотадаги иккита мактаб ва Остонадаги битта мактаб интернетга уланмаган.

Вазир, шунингдек, ҳар йили 2024 йилнинг декабригача сунъий йўлдош технологиялари орқали уланиш тезлигини ошириш учун 3,6 миллиард тенге талаб қилинишини маълум қилди. Гап 574 та мактаб ҳақида бормоқда.

Шунингдек, унга кўра, 2023 йил августигача бундай техник имконият мавжуд бўлган 2810 та мактабда уланган интернет тезлигини ошириш учун ҳар ойда 254,4 миллион тенге бюджет маблағлари талаб қилинади.

Аҳоли пунктлари ичидаги мактабларга оптик толали линияларни ўтказиш учун 2023 йил августигача яна 1 миллиард тенге маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилиши керак.

Қозоғистон мактабларида интернетга кириш билан боғлиқ муаммолар кўп йиллар давомида айтилади. 2017 йилда Таълим ва фан вазирлиги Қозоғистон мактабларидаги ҳар бир синфда Wifi ўрнатиш лойиҳасини бошлаганини маълум қилганди. Ушбу санага қадар лойиҳа мақсадларига эришиш ҳақида маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG