Ссылки доступа

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларида ўқиётган талабалар ўқиши Ўзбекистонга кўчирилади


Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига кўчирилади.

Давлат тест маркази маълумотига кўра, бунга давлат комиссиясининг 7-сонли баёни билан истисно тариқасида рухсат берилган.

Комиссия қарорига мувофиқ, талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчирилади.

“Ўқишни кўчириш бўйича аризалар 2022 йил 1 ноябрдан 20 ноябрга қадар Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти (“Россия Федерациясидан ўқишни кўчириш” бўлими) орқали қабул қилинади”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик Курск тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларнинг бир гуруҳи президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқишиб, Россия билан Украина ўртасидаги тўқнашув кундан-кунга кучайиб бораётганларидан хавотирланганлари учун ўқишларини Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчиришни сўрашгани ҳақида хабар қилган эди.

Хабар ортидан Ташқи ишлар вазирлиги талабалар мурожаати Россиядаги ўзбек дипломатлари томонидан ўрганилаётганини билдирган.

XS
SM
MD
LG