Ссылки доступа

Туркий давлатлар ташкилоти саммити пайтида Самарқанд аэропорти яна ёпилади


Самарқанд халқаро аэропорти техник сабабларга кўра 8 ноябрь соат 00:01 дан 12 ноябрь 00:01 га қадар ёпилади. Бу ҳақда авиация сохасидаги NОТАМ халқаро тизимига таянган ҳолда AviaAlertsUZ телеграм канали маълум қилди.

Самарқандда 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммити бўлиб ўтади. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли сентябрнинг охирларида Самарқанд саммитида Туркманистон тўлақонли аъзоликка қабул қилиниши ҳақида билдирган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтишини тасдиқлади. Аммо билдирувда Туркманистон тўғрисида маълумот берилмади.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган эди. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бакуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истамбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.

Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтганди. Ўшанда ҳам 14 сентябрдан 16 сентябргача Самарқанд аэропорти ёпилган, шаҳарга кириб чиқиш чекланган эди. Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан бошланиши тўғрисида вилоят Халқ таълими бошқармаси 29 август куни маълум қилган.

Туркий давлатлар ташкилоти саммити арафасида ҳам Самарқандда бу каби хавфсизлик чоралари кўриладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Ўзбекистон ҳукумати ва Самарқанд ҳокимияти ҳозирча бу борада маълумот берган эмас.

XS
SM
MD
LG