Ссылки доступа

Ульяновскда чувашиялик мобилизантлар орасида оммавий норозилик авж олмоқда


Ульяновскдаги ўқув марказида ҳарбий сафарбарликка чақирилган 100 дан зиёд чувашиялик ўзларига пул тўланмаётганидан норози бўлмоқда. Ваъда қилинмиш 195 минг рубль олинмагани ортидан оммавий норозилик чиқишлари бошлангани ҳақида “Сердитая Чувашия” телеграм-канали ва Gulagu.net нашри хабар қилишган.

Нашрлар исёнчиларнинг “Россия фуқароларига” мурожаатини эълон қилишган.

“Биз ўз ҳаётимизни хавф остига қўйган ҳолда Сизнинг хавфсизлигингиз ва осуда турмуш кечиришингиз учун муқаррар ўлимга қараб боряпмиз! Давлатимиз бизга Владимир Путин ваъда қилган 195 минг рубль миқдоридаги пул маблағларини тўлашдан бош тортмоқда! У ҳолда биз нима учун ўз оилаларимизни маблағсиз қолдириб, бу давлатни деб урушга боришимиз керак?!” дейилган мобилизантлар баёнотида.

Ҳарбийлар ўзларига ваъда қилинган пул тўланмагунига қадар “адолат учун курашишлари” ва урушга боришдан бош тортишларини таъкидлашган.

Расмийлар эса, афтидан, норозилик чиқишини куч билан бостиришга қарор қилишган. Ҳарбийлар ваъда қилинган пулларни олишлари ҳақида мулозимлар томонидан ҳеч қанақа баёнот берилган эмас. Бироқ, “Сердитая Чувашия” манбаларига кўра, айни пайтда Ульяновскдаги ўқув марказига ОМОН ва Росгвардия кучлари тортилмоқда.

XS
SM
MD
LG