Ссылки доступа

БМТ: Толибон даврида Афғонистонда кўкнори етиштириш кўпайган


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси хабар беришича, Афғонистонда кўкнори етиштириш 2022 йилда ўтган йилга нисбатан 32 фоизга ошган.

БМТ идорасининг 2 ноябрь куни эълон қилинган қисқа ҳисоботида маълум қилинишича, кўкнори экиладиган майдонлар 233 минг гектарни ташкил қилган.

Бу Афғонистоннинг 2021 йил августида Толибон ҳокимиятни қўлга киритганидан бери ноқонуний афюн иқтисодиётига оид биринчи ҳисоботдир.

Ҳисоботга кўра, Толибон 2022 йил апрель ойида кўкнори ва ундан наркотик моддалар ишлаб чиқариладиган барча ўсимликларни етиштиришни қатъиян ман қилганидан сўнг, афюн нархи кескин ошган. Афғон фермерларининг кўкнори етиштиришдан олган даромади 2021 йилдаги 425 миллион доллардан 2022 йилда 1,4 миллиард долларга етди.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, умумий экин майдонларининг 73 фоизи Афғонистоннинг жануби-ғарбий минтақаларида тўпланган. Шундай қилиб, Ҳилманд вилоятида барча экин майдонларининг бешдан бир қисми кўкнори етиштириш учун ажратилган.

Бироқ Толибон ҳукумати ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдунофе Тҳакур бу йил кўкнори етиштириш кўпайгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Сешанба куни у Озодлик билан суҳбатда “гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва сотишга тақиқ жорий қилинган. Айни пайтда бутун Афғонистонда бирорта ҳам кўкнори экилмаган ва бунга ҳеч ким рухсат берилмаган” деди.

Бироқ, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоботидан олинган маълумотларга кўра, фермерлар бу йилги ҳосил учун Толибон томонидан асосан авф этилган ва энди келаси йил афюн экиш ёки экмаслиги ҳақида қарор қабул қилиши керак.

Айни пайтда ҳисоботда исмини келтирмасликни афзал кўрган афғон фермерлари Толибондан кўкнори етиштиришга қарши жиддий кураш олиб боришини истайди.

“Ҳозир экиш вақти келди ва биз бу жараённи орқага қайтаришимиз керак. Бу йил амалга оширилмаса, Афғонистон жиддий гуманитар инқирозга юз тутади”, - дейди фермерлардан бири. Шу билан бирга, 2023 йилнинг асосий ҳосили учун экиш мавсуми ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида якунланади.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳам етиштирилган афюн миқдори камайгани ҳақида хабар беради: жорий йил бошида қурғоқчилик туфайли гектарига 26,7 килограмм опий олинган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 37,5 килограммни ташкил қилган.

Бироқ экспертларнинг фикрича, Толибон ҳукумати кўкнори етиштиришга қўйилган тақиқни ҳурмат қилмаяпти, чунки бу улар учун даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Шунингдек, улар тирикчилиги гиёҳванд моддалар етиштириш ва сотиш билан боғлиқ бўлган юз минглаб фермерларни иш билан таъминлай олмаяпти.

Аввалги ҳукумат қулаганидан бери Афғонистон халқи қашшоқлик ва ишсизликнинг даҳшатли даражасига дуч келди. Мамлакат иқтисодиёти дефолт ҳолатида, Ғарб давлатлари ўз ёрдамларини тўхтатиб, Афғонистоннинг янги ҳукуматига қарши халқаро санкциялар жорий қилган.

XS
SM
MD
LG