Ссылки доступа

Қозоғистонда тожикистонлик муҳожирлар сони ортиб бормоқда


Оптовый рынок в Астане
Оптовый рынок в Астане

Украинага бостириб кириши сабабли Ғарб санкцияларидан сўнг Россиядаги иқтисодий вазият тожикистонлик муҳожирларнинг бир қисмини Қозоғистонга иш излашга мажбур қилди. Муҳожирлар Қозоғистонда Россияга қараганда камроқ маош олишларини, аммо бу ерда ўзларини хавфсиз ҳис қилишларини айтишади.

Қозоғистон пойтахтидаги Шарин улгуржи бозорида ўнлаб тожикистонлик муҳожирлар ишлайди.

35 ёшли Ҳамза Бобоев яқинда Остонага ишлаш учун келган, бозорда мева сотган, баъзан юк кўтарувчи бўлиб ҳам ишлаган. “Мен Сочида мухожирликда бўлганман. Яхши ҳақ олардим. Қозоғистонда камроқ оляпман, лекин бу ерда полициячилар сиздан Россиядаги каби айб излашмайди. Россияда ҳужжатлари билан ҳаммаси жойида бўлган муҳожирларни ҳам ушлаб, полиция бўлимига олиб кетишади”, - дейди суҳбатдошимиз. Унинг сўзларига кўра, Россияда у ойига 70 минг рублгача маош олган бўлса, Остонада унинг даромади 40 минг рублдан ошмайди.

“Биз Остонага бироз олдинроқ етиб келдик. Маҳаллий полиция ходимлари ҳам муҳожирларни ушлаб туришади, лекин уларни дарҳол қўйиб юборишади ёки ҳужжатларини тартибга солишни сўрашади”, - дейди тожикистонлик муҳожир Олимжон Камолов.

Суҳбатдошларимизга кўра, Россиядаги вазиятдан фарқли ўлароқ, Қозоғистонда нафрат ва ксенофобик жиноятлар кам учрайди.

Аммо Қозоғистондан, худди Россиядан бўлгани каби, ҳар йили миграция қонунчилигини бузган кўп сонли хорижликлар депортация қилинмоқда. 2022 йил ёзида чўл ҳудудларида доривор ферула териб юрган 48 нафар Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистондан чиқариб юборилган эди.

Тожикистонлик муҳожирлар ҳам Остонадаги қурилиш майдонларида ишлайди. Уларнинг баъзилари Комрон Ражабзода сингари Россиядан депортация қилинган ва беш йилга мамлакатга кириши тақиқланганидан кейин Қозоғистонга келган.

“Россия Қозоғистонга қараганда анча ривожланган давлат, у ерда кўп пул ишлашингиз мумкин. Рўйхатдан ўтмаганлигимиз учун бизни Россиядан депортация қилишди. Қозоғистонга ишлашга мажбурмиз”, — дейди Комрон Ражабзода.

Остонада меҳнат қилаётган тожикистонлик муҳожирларнинг аниқ сони номаълум. Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг Миграция хизмати жорий йилнинг июль ойида Қозоғистонда ҳозирда 10,5 минг тожикистонлик меҳнат қилаётгани ҳақида хабар берган эди. Суҳбатдошларимизга кўра, Марказий Осиёнинг ушбу давлатида тожикистонлик муҳожирлар сони муттасил ортиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG