Ссылки доступа

Тожикистонда давлат айбловчиси журналист Завқибек Саидаминига 7,5 йил қамоқ жазосини талаб қилди


Давлат айбловчиси расмийлар томонидан тақиқланган Ислом Уйғониш партияси ва «Гуруҳ 24» мухолифат ҳаракати билан ҳамкорликда айбланаётган журналист Завқибек Саидаминига 7,5 йиллик қамоқ жазосини талаб қилди.

Судья ва адвокат суд жараёни ҳақида батафсил маълумот бермаяпти. Терговга яқин манбанинг анонимлик шарти билан айтишича, прокурор ўз талабини 3 ноябрь куни тергов изоляторида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган навбатдаги суд мажлисида айтган. Унинг сўзларига кўра, журналист барча айбловларни рад этган.

“Завқибек Саидамини ҳеч бир партия ёки ҳаракат билан ҳамкорлик қилмаслигини айтди. Аксинча, у давлат телевидениесидаги фаолиятини эслади, ҳатто Суриядаги жиҳодчилардан таҳдидлар ҳам олган. Ҳар икки томон якуний нутқ сўзлади ва суд маслаҳат хонасига йўл олди”, — деди манба.

Унинг сўзларига кўра, Завқибек Саидаминининг онаси, укаси ва рафиқаси аввалги йиғилишларга қўйилмаган бўлсада, бугун судда қатнашган.

Завқибек Саидамини жорий йилнинг 8 июль куни Вахдат шаҳар милицияси ходимлари томонидан қўлга олиниб, сўнг Душанбе шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган.

У тақиқланган Ислом Уйғониш партияси ва Гуруҳ 24 билан ҳамкорликда айбланган. Журналист ҳеч бир ташкилот, партия ёки гуруҳга алоқаси йўқлигини, улар билан ҳамкорлик қилмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Ҳар икки тақиқланган ташкилот ҳам журналист билан ҳамкорликни рад этади.

Завқибек узоқ йиллар мустақил нашрларда ва Тожикистон Давлат телевидениесининг Биринчи каналида ишлаган. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги долзарб мавзулардаги танқидий нашрлар унга шуҳрат келтирди. Шунингдек, у Қирғизистон билан чегарадаги можаро ҳудудидан бир неча бор репортажлар тайёрлаган.

2020 йилда Тожикистон парламенти қуйи палатасига сайловда Завқибек Саидамини депутатликка номзодини илгари сурди. Бироқ Файзобод округидаги сайлов округи номзоднинг имзо варақасидаги имзолар қалбакилаштирилганини айтиб, уни рўйхатга олишдан бош тортди.

Завқибек Саидамини кейинги йилларда тадбиркорлик ва хайрия ишлари билан шуғулланади.

Журналист ва блогерлар Улфатҳоним Мамадшоева, Абдусаттор Пирмуҳаммадзода ва Хушом Ғулом айни дамда Тожикистондаги тергов изоляторларида сақланмоқда. Аввалроқ Абдулло Гурбатий 7,5 йилга, Мамадсултон Мавлоназаров (Муҳаммади Султон) 7 йил ва Далер Имомали 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

XS
SM
MD
LG