Ссылки доступа

Туркий давлатлар саммити пайтида Самарқанд шаҳрига кириш йўллари ёпилади


Самарқанд шаҳрига кириш йўллари 10 ва 11 ноябрь кунлари вақтинча ёпилади. Вилоят ҳудудидан транзит ўтувчи транспорт воситалари учун айланма ҳаракат ташкил этилади. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ 4 ноябрда маълум қилди.

Бундан ташқари саммит кунлари Самарқанд шаҳрининг Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шоҳизинда, Усто Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед кўчаларида транспорт ҳаракати вақти-вақти билан чекланади.

Ҳаракат чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.

Аввалроқ Туркий давлатлар ташкилотининг саммити муносабати билан Самарқанд халқаро аэропорти 8 ноябрь соат 00:01 дан 12 ноябрь 00:01 га қадар ёпилиши хабар қилинган эди.

Самарқандда 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммити бўлиб ўтади. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган эди. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бакуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истамбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.

Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтганди. Ўшанда ҳам 14 сентябрдан 16 сентябргача Самарқанд аэропорти ёпилган, шаҳарга кириб чиқиш чекланган эди. Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан бошланиши тўғрисида вилоят Халқ таълими бошқармаси 29 август куни маълум қилган.

XS
SM
MD
LG