Ссылки доступа

Душанбе суди фуқаролик фаоли Ораз Вазирбековни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди


Ораз Вазирбеков

Душанбе шаҳар суди фуқаролик фаоли, Москвадаги помир диаспораси етакчиларидан бири Ораз Вазирбековни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қариндошларидан бирининг 6 ноябрь куни Озоди радиосига айтишича, ҳукм эълон қилинган суд мажлиси 5 ноябрь куни судланувчининг яқинлари иштирокисиз ўтган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Ораз Вазирбековни интернет орқали экстремизмда ва конституциявий ҳукуматни ағдаришга чақиришда айблади. Қариндошларига кўра, у 2012 йилда Тожикистон хавфсизлик кучларининг Хоруғ шаҳрида ўтказган махсус амалиёти чоғида жабрланган оилаларга бадахшонлик муҳожирлар томонидан юборилган хайрия маблағларини ўзлаштирганликда ҳам айбланган.

Вазирбековнинг яқинлари орасидан Озоди радиосининг суҳбатдоши: “Ораз ўзини айбсиз деб ҳисоблайди ва унинг ишини адолатли кўриб чиқишни сўради, бироқ тергов ва суд унинг илтимосига эътибор бермади”, деди.

Озоди радиоси суҳбатдошига кўра, улар ҳукм устидан юқори судга шикоят қилиш ёки бермаслик ҳақида бир қарорга келмаган. Ораз ва унинг укаси Рамзи Вазирбековлар сўнгги йилларда Москвада яшаб, ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳукумати ҳаракатларини танқид қилиб келган.

Ораз ва Рамзи Вазирбековларнинг қариндошлари тергов жараёнида қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида бир неча бор хабар беришган.

Ораз ва Рамзи Вазирбековлар 2022 йил 29 июль куни Домодедово аэропортида Екатеринбургдан учиб келишганидан сўнг ғойиб бўлишди. Орадан бир кун ўтиб YouTubeнинг “Беҳдошт ТВ” номли каналида видео эълон қилинди, унда ҳар икки ака-ука ўз ихтиёри билан ўз ватанларига Хоруғ шаҳридаги воқеалар юзасидан расмийларнинг саволларига жавоб бериш учун қайтиб келганликларини айтишди.

Ораз Вазирбековнинг рафиқаси Сабрина Отамбекованинг айтишича, эри Тожикистонга ўз ихтиёри билан бормаган ва интернетга қўйилган видео саҳналаштирилган.

Жорий йилнинг май ойида Бадахшонда ўнлаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари ва тартибсизликлардан сўнг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари юзлаб одамларни, жумладан, Бадахшон фуқаролик жамияти фаолларини ушбу тартибсизликларни қўзғатганликда айблаб, ҳибсга олди. Бу одамларнинг яқинлари барча айбловлар асоссиз, қариндошлари эса айбсиз эканини таъкидламоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини бундай хатти-ҳаракатлари учун кескин танқид қилмоқда. Хусусан, Human Right Watch яқинда Тожикистон ҳукуматидан Тоғли Бадахшон автоном вилояти аҳолисини ноқонуний ҳибсга олиш ва адолатсиз судловларни тўхтатишни сўраган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти 23 август куни тарқатган баёнотида “Тожикистон ҳукумати бу амалиётга чек қўйиши ва адолатли суд бўлишини таъминлаш учун халқаро келишувларига амал қилиши керак”, дейилади.

XS
SM
MD
LG