Ссылки доступа

Қозоғистонда тожик имоми бошчилигидаги масжид электр энергияси ишлаб чиқаради ва сотади (видео)


Яхьёходжа Исмоилов

Тожикистон ва бошқа мусулмон мамлакатларидаги кўплаб масжидлар асосан халқнинг хайр-эҳсонлари эвазига ишлаётган бўлсада, Қозоғистондаги тожик уламоси ўз масжидида ҳомийликсиз таъминлашнинг янги усулини жорий қилди.

Остонадаги Яҳёхўжа Исмоилов масжиди электр энергиясини ўзи ишлаб чиқаради, ортиқча «ёруғлик» эса шаҳарга сотилади ва бу масжид харажатларини қоплайди.

Ушбу тожик имоми бошчилигидаги масжид Остона шаҳрининг марказий хиёбонларидан бирида жойлашган ва ноодатий иншоот ҳисобланади. У кесилган олмос шаклида қурилган ва минораси қаламга ўхшайди. Аммо бу масжиднинг бошқа намозхонлардан фарқи фақат ташқи кўринишида эмас. Унинг имомига кўра, бу масжид молиявий жиҳатдан ўзини-ўзи таъминлайди.

Масжид имом-хатиби Яҳёхўжа Исмоиловнинг Озоди радиосига айтишича, бу зиёратгоҳ янги технологиялар асосида лойиҳалаштирилган ва қурилган ва ўзини электр энергияси билан таъминлайди.

Бу ерда қуёш панелларини ўрнатиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади. 273 000 евролик ушбу тизим 2018 йилда Австриянинг «Weissenseer» компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва ўрнатилган. Имомнинг ҳисоб-китобларига кўра, сарфланган маблағ 7,5 йил ичида, яъни 2025 йилда шаҳарга ортиқча электр энергиясини сотиш ҳисобига ўзини оқлаши керак.

«Weissenseer» компанияси бош директори Кристоф Мюллер аввалроқ Қозоғистон ОАВларига бу дунёдаги биринчи марказлашган электр таъминотига мухтож бўлмаган масжид эканлигини айтган эди.

Масжид имом-хатиби Яҳёхўжа Исмоиловнинг айтишича, электр энергияси ишлаб чиқариш масжидга бўлган эҳтиёждан кўп, ортиғи эса Остона шаҳар энергетика бошқармасига сотилади. “Шаҳарга етказиб бераётган электр энергияси ҳисобига масжиднинг бошқа харажатлари қопланади”, - дея қўшимча қилди имом.

Яҳёхўжа Исмоилов мана 35 йилдан буён Қозоғистоннинг турли шаҳарларида имомлик қилиб келади. Унинг сўзларига кўра, масжид нафақат инсонларнинг хайр-эҳсонларига таяниши керак.

“Петропавловскда катта масжид қурдик ва унинг ёнига 200 дан ортиқ киши сиғадиган ошхона қўшдик. Бу ошхонага ҳар куни зиёратчилар келиб, шанба ва якшанба кунлари одамлар ўз тадбирларини ўткади, шу ҳисобдан масжиднинг ўз даромади бўлади. Қолаверса, маҳаллий ҳокимиятдан рухсат олиб, автотураргоҳ қурдик. Ҳар куни у ерда 200 дан 300 тагача машина тўхтаб туради ва шу даромадлар ҳисобига масжидни сақлаш учун барча харажатларни қопладик”, - дейди Яҳёхўжа Исмоилов.

XS
SM
MD
LG