Ссылки доступа

Январь воқеалари: Масимовнинг иши судда кўрилади


Қозоғистон Бош прокуратураси хабарига кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов ва унинг собиқ ўринбосарлари иши судга ўтди.

“МХҚнинг собиқ раҳбариятига қарши жиноят ишини ўрганиш натижаларига кўра, Бош прокуратура тергов органининг айблов хулосасини тасдиқлади. Жиноят иши кўриб чиқиш учун Остона шаҳридаги жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судига юборилди”, — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Департаментнинг хабар беришича, судланувчилар Карим Масимов ва Ануар Содиқулов (МХҚ раисининг собиқ ўринбосари) “давлатга хиёнат”, “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш”, “ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, оғир оқибатларга олиб келган” моддалари бўйича судланади.

Даулет Ергожин (МХҚ раисининг собиқ ўринбосари) “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш”, “ўзи ва ўзгалар манфаати мақсадида оғир оқибатларга олиб келадиган ҳокимият ва ваколатларни суиистеъмол қилиш”да айбланмоқда.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг кучли иттифоқчиси Карим Масимов камида 238 кишининг ўлими билан якунланган январь воқеалари чоғида Қозоғистон разведка хизмати раҳбари лавозимидан четлатилган эди.

Январь ойида МХҚ давлатга хиёнат, давлат тўнтаришига уриниш ва коррупция ҳамда ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айбланган Карим Масимовга нисбатан судгача тергов бошлаган эди.

Октябрь ойи охирида МХҚ Карим Масимов ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Ануар Содиқуловни ҳибсга олиш муддати 6 декабрга қадар узайтирилгани ҳақида хабар берган эди. Улар, шунингдек, Даулет Ергожин ва Марат Осиповни ҳибсда сақлаш муддатини мос равишда 13 декабрь ва 22 декабргача узайтирди. Акипов ва Бекмуратга нисбатан чет элга чиқмаслик тўғрисида ёзма равишда эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, октябрь ойи охирида МХҚнинг собиқ раиси Карим Масимовни қўллаб-қувватловчи онлайн ресурс БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи Остонани “зудлик билан, сўзсиз озод қилиш учун шошилинч чоралар кўришга” чақиргани ҳақида хабар берди. Ишчи гуруҳ ҳукуматни “Карим Масимовнинг ўзбошимчалик билан озодликдан маҳрум этилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича тўлиқ ва мустақил тергов ўтказилишини” таъминлашга ва “Масимовни зудлик билан озод қилишга” чақирди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги БМТ ишчи гуруҳининг чақириғига жавобан “Қозоғистон томони халқаро амалиётнинг барча меъёрларига риоя қилган ҳолда ва миллий қонунчиликка мувофиқ ҳар томонлама жавоб беради”, деб таъкидлади.

XS
SM
MD
LG