Ссылки доступа

ОАВ: Шероздаги мақбарага ўт очган жангари асли тожикистонлик бўлган


Шероздаги (Форс вилояти) Шоҳ Черах мақбарасида ўт очган жангари Тожикистон фуқароси бўлган, деб хабар берди Эрон расмий ахборот агентлиги.

26 октябрь куни номаълум уч киши Эрондаги беш йирик шиа зиёратгоҳидан бирида ўт очди. Расмий маълумотларга кўра, 13 киши ҳужум қурбони бўлган, 27 киши жароҳатланган.

Ҳужум учун масъулиятни бир қанча мамлакатларда тақиқланган “Исломий давлат” (ИД) гуруҳи ўз зиммасига олди. AP агентлигининг ёзишича, бунгача расмийлар далиллар келтирмасдан туриб, ҳукуматга қарши тинч намойишлар иштирокчиларини ҳужумда айблашга уринган.

7 ноябрь куни ИРНА ахборот агентлиги мақбарада ўт очган жангари Тожикистонда туғилган, “Абу Ойша” лақабли Субхон Комроний эканлиги аниқланганини хабар қилди. У ҳибсга олиш пайтида олган жароҳатлари туфайли ҳужумдан бир неча кун ўтиб Эрон жанубидаги шифохонада вафот этди.

Эрон разведка вазирлиги маълумотларига кўра, Шоҳ Черак мақбарасига ҳужум уюштиришга алоқадорликда гумон қилиниб, жами 26 киши қўлга олинган. Уларнинг барчаси Озарбайжон, Тожикистон ва Афғонистон фуқароларидир.

“Мамлакат ичидаги террорчилик ячейкаси ҳаракатларининг асосий ташкилотчиси ва мувофиқлаштирувчиси Озарбайжон фуқароси бўлиб, Теҳронга етиб келгач, зудлик билан Афғонистондаги «ИШИД» гуруҳи вакиллари билан боғланиб, уларга Эронда эканлиги ҳақида хабар берган”, — дейилади Эрон матбуотида.

26 октябрь куни ИРНА агентлигининг хабар беришича, номаълум уч киши Шероздаги (Форс вилояти) Шоҳ Черак мақбарасида ўт очган. Кейинчалик ҳужумчилардан бирининг жароҳати ва ҳибсга олингани ҳақида маълумот олинган. У касалхонага етказилган ва у ерда вафот этган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум қурбонлари сони 13 нафарга етган, 27 киши жароҳатланган.

ИРНА агентлиги, шунингдек, яқинда йирик тартибсизликлар содир бўлган жануби-шарқдаги Систон ва Балужистон вилоятининг пойтахти Зоҳидан шаҳрида ҳам худди шундай ҳужум режалаштирилганини хабар қилади. Бу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи йўқ.

XS
SM
MD
LG