Ссылки доступа

Тожик фуқаролик фаоли Рамзий Вазирбеков 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Рамзи Вазирбеков

Душанбе шаҳар суди Тожикистон расмийларининг таниқли танқидчиси Рамзи Вазирбековни 13 йилга озодликдан маҳрум қилди.

ТБМВда туғилган Рамзий Вазирбеков жорий йилнинг июль ойида Москвада ғойиб бўлган ва Душанбе шаҳрида сирли тарзда пайдо бўлган ва у ерда Хоруғдаги воқеалар юзасидан терговчиларнинг саволларига жавоб бериш учун ўз ихтиёри билан ватанига қайтиб келганини маълум қилган. Рамзий Вазирбековнинг ҳукми тергов изоляторида ёпиқ эшиклар ортида эълон қилинди.

Рамзий Вазирбековнинг яқинларининг Озоди радиосига айтишича, ҳукм 5 ноябрь куни чиқарилган. Уларнинг Душанбе судидан изоҳ олиш учун қилган барча уринишлари бесамар кетди - суд вакиллари Рамзий Вазирбеков ҳақидаги саволни эшитиб, телефонларини ўчириб қўйишган.

Фуқаролик фаолининг яқинларидан бирининг 8 ноябрь куни Озоди радиосига айтишича, суд уни Тожикистон Жиноят кодексининг икки моддаси, 187 моддаси 2-қисми (Жиноят уюшмасида (жиноий ташкилот) иштирок этиш) ва 307 модданинг 2-қисми (Оммавий ахборот воситалари ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда Тожикистон Республикасининг конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга чақириш) билан айбдор деб топди.

Биз фақат охирги сўзда Рамзий ўзига қўйилган барча айбловларни рад этганини биламиз. Бошқа ҳеч нарса билмаймиз, - деди суҳбатдошимиз.

Рамзий Вазирбеков сўнгги йилларда Москвада яшаб, ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳукуматининг ҳаракатларини танқид қилган. У ва яна бир фуқаролик фаоли Ораз Вазирбеков 2022 йил 29 июль куни Екатеринбургдан етиб келган Москванинг Домодедово аэропортида ғойиб бўлган. Эртаси куни Рамзи ва Ораз сирли тарзда Тожикистонга келишди. 30 июль куни YouTubeнинг “Беҳдошт ТВ” деб номланган каналида Рамзий ва Ораз Вазирбековлар Хоруғ шаҳридаги воқеалар юзасидан расмийларнинг саволларига жавоб бериш учун ватанларига ўз ихтиёрлари билан қайтганликлари ҳақида видео жойланган.

Бироқ Рамзий ва Ораз Вазирбековларнинг яқинлари Тожикистонга боришни режалаштирмаганликларини ва уларнинг ўз ватанларига ихтиёрий равишда қайтишлари ҳақидаги видеони Тожикистон хавфсизлик кучлари саҳналаштирганини айтишган. Қариндошлари Вазирбековлар тергов изоляторида калтаклангани ва қийноққа солинганини инкор этмаган.

Ўтган ҳафта Душанбе шаҳар суди Ораз Вазирбековни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Расмийлар уни экстремизмда, Интернет орқали конституциявий ҳукуматни ағдаришга чақиришда, шунингдек, хайрия маблағларини ўзлаштиришда айблади.

Жорий йилнинг май ойида Бадахшонда ўнлаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари ва тартибсизликлардан сўнг Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари юзлаб одамларни, жумладан, Бадахшон фуқаролик жамияти фаолларини ушбу тартибсизликларни қўзғатганликда айблаб, ҳибсга олди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини бундай хатти-ҳаракатлари учун кескин танқид қилмоқда.

XS
SM
MD
LG