Ссылки доступа

Германия полицияси Алишер Усмонов иши доирасида UBS банкида тинтув ўтказди


Германия полицияси Швейцариядаги энг йирик UBS банкининг маҳаллий филиалларида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов иши доирасида тинтув ўтказди. Тинтувлар Франкфурт-Майн ва Мюнхенда ўтказилди.

Der Spiegel газетасининг ёзишича, Германия федерал прокуратураси Алишер Усмоновни солиқларни тўлашдан бўйин товлаганликда, ташқи савдо тўғрисидаги қонунни бузганликда ва пул ювишда айбламоқда.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Алишер Усмонов президент Владимир Путинга яқин шахслардан бири қаторида Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган эди. Forbes Усмоновнинг бойлигини 14,6 миллиард долларга баҳолаган.

Хабарларда айтилишича, сўнгги бир неча ой ичида Жиноят ишлари бўйича федерал бошқарма Алишер Усмоновга таалуқли экани гумон қилинаётган банк опреацияларида юзлаб пул ювиш ҳолатлари борлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлган. Нашрларнинг ёзишича, UBS банки ҳам бу ҳақда Германия ҳукуматига маълумот берган.

Терговчилар UBS банкида Алишер Усмонов 2018-2020 йиллар орасида амалга оширган камида 2 миллион евролик пул ўтказиш амалиётлари билан қизиқмоқда.

Усмоновнинг расмий вакили журналистларга миллиардерга билдирилаётган гумонлар асоссиз эканини, у Россияда солиқ тўлашини айтган. Der Spiegel газетасининг ёзишича, немис ҳукумати Усмонов Германияга солиқ тўлаши шарт деб ҳисоблайди. Чунки у Украина урушига қадар асосан Бавариядаги Тегернзее кўли яқинидаги резиденциясида яшаган.

8 ноябрда Германия полицияси Алишер Усмонов томонидан йиғилган умумий қиймати камида 5 миллион евролик 30 та картинани мусодара қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган. Март ойи бошида Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор 2 та вертолётни ҳибс қилди. Шунингдек, Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтасини тўсиб қўйгани хабар қилинди. Италия нашрлари эса, Сардиниядаги Усмоновга тегишли вилла хатлангани ҳақида хабар берди.

Усмонов Германиядаги яхта, санъат асарлари ва кўчмас мулк дохил кўплаб активлар унга тегишли эканини рад этган. Унга кўра, бу активлар Усмонов назорати остида бўлмаган жамғармаларга расмийлаштирилган.

XS
SM
MD
LG