Ссылки доступа

Қирғизистон Республикасида полиция оқин Болот Назаровни талончиликда гумон қилиб, қўлга олди


Оқин Болот Назаров полиция томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда Чуй вилояти марказий ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Озодликка хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, 7 ноябрь куни полицияга Беловодское қишлоғида яшовчи фуқаро мурожаат қилган ва улар Чўн-Ариқ қишлоғида Назаров 2008 йилда туғилган вояга етмаган болакайдан айғирини суратга олишни сўраганини айтган. Орадан маълум вақт ўтгач, Назаров унга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, отда номаълум томонга қочиб кетган.

“Мазкур факт Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ўғирлик) бўйича Москва тумани ИИБда рўйхатга олинган. 8 ноябрь куни жиноий иш қўзғатилган. Қўлга олинган шахс вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Ўғирланган айғир топилиб, ашёвий далил сифатида олинди. Тергов давом этмоқда”, — дейилади полиция бошқармаси хабарида.

Бу Болот Назаровнинг биринчи ҳибсга олиниши эмас. 2022 йил январида у терговчи журналист Болот Темиров билан бирга ҳибсга олинган, бироқ ўша куниёқ Назаров уй қамоғига қўйиб юборилган. Қўлга олинганлар “гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш”да гумон қилинмоқда.

Суд Темировни ушбу модда бўйича оқлади, бироқ Назаровга нисбатан иш тергови қайси босқичда экани маълум эмас.

XS
SM
MD
LG