Ссылки доступа

АҚШдаги сайлов: Демократлар Сенат назоратини сақлаб қолиши мумкин


АҚШда бўлиб ўтган оралиқ сайлов натижалари бўйича демократлар Конгресс юқори палатаси – Сенат устидан назоратни ўз қўлида сақлаб қолиши мумкин.

Демократлар Вакиллар палатасидаги ҳукумронликни ҳам сақлаб қолиш имкониятига эга бўлиб турибди, бироқ таҳлилчилар бу палата назорати республикачилар қўлига ўтишини прогноз қилмоқда.

8 ноябрда ўтган оралиқ сайловда сайловчилар Вакиллар палатасининг янги таркиби ва Сенатнинг учдан бир таркибини ўзгартириш учун овоз беришди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳозирча тўртта штатдаги овоз бериш натижалари номаълум бўлиб турибди. Қолган штатлардаги овоз бериш натижаларига кўра, ҳозирда демократлар ҳам, республикачилар ҳам Сенатда 48 тадан ўринга эгалик қилмоқда. Аризона ва Жоржияда ҳам демократлар ғалаба қилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида демократлар 50 ўринга эга бўлиб, вице-президент Камала Харриснинг овози ҳисобга олинса, Сенатда кўпчиликни ташкил қилади.

RealclearPolitics тарқатган маълумотларда қайд этилишича, Вакиллар палатасига сайловда республикачилар 203 округда, демократлар 187 округда ғалаба қилган. Ҳозирча 45 округдги овоз бериш натижалари маълум эмас. Прогнозларга қараганда, республикачилар 435 ўринли Вакиллар палатасида 220 ўринга эгалик қилиши мумкин.

Оралиқ сайловда 36 та штатда губернаторлар ҳам сайланди. Республикачилар 16 штатда, демократлар 15 штатда, жумладан, Массачусетс ва Мэрилендда ғалабага эришди. Бу икки штатни аввал республикачилар вакиллари бошқарар эди. Қолган 5 штатдаги натижалар ҳозирча номаълум.

XS
SM
MD
LG