Ссылки доступа

“Кампиробод иши”: Шаҳар суди сиёсатчилар Равшан Жеенбеков, Бектур Асанов ва Улуғбек Маматаевни ҳибсда қолдирди


10 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди аввал ҳибсга олинган сиёсатчилар ва фаолларнинг шикоятларини кўриб чиқишда давом этмоқда.

Шаҳар суди собиқ депутат Равшан Жеенбеков, фаол Улуғбек Маматаев ва сиёсатчи Бектур Асановнинг ҳибсга олинишини қонуний деб топди. Шунингдек, суд уларнинг эҳтиёт чорасини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризаларини қаноатлантирмай, биринчи инстанция ҳал қилув қарорини қонуний кучда қолдирди. Улар 20 декабргача ҳибсда қоладилар.

Аввалроқ суд ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова ва собиқ депутат Асия Сасиқбоеванинг ҳибсга олинишини қонуний деб тан олган эди. Уларнинг эҳтиёт чорасини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризалари ҳозирча кўриб чиқилмаган.

Бир кун аввал, 9 ноябрь куни шаҳар суди фаоллар Али Шабдан ва Атай Бейшенбек, МСК собиқ аъзоси Гулнора Жўрабоева, фаол ва Талас вилояти собиқ губернатори Ойбек Бузурманқуловларнинг шикоятларини кўриб чиқди. Уларнинг ҳибсга олиниши қонуний деб топилди, суд биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди.

Бишкек шаҳар суди ҳам Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сооронқулованинг қамоққа олинишини қонуний деб топди, унга нисбатан эҳтиёт чораси ҳали кўриб чиқилмаган.

Октябрь ойида Бишкекда сиёсатчилар ва фаоллар оммавий ҳибсга олинган эди. Уларга нисбатан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 36-278-моддаси (“Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш”) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи деб эълон қилинди. Бишкек суди уларни икки ойга ҳибсга олди. Бу иш бўйича жами 26 киши ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганлар жиноий таъқиб қилишни Кампиробод сув омбори бўйича позицияси ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилгани билан боғлайди.

XS
SM
MD
LG