Ссылки доступа

Туркий давлатлар ташкилоти раислиги Ўзбекистонга ўтмоқда


Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида ташкилотга раислик ваколатини Ўзбекистон қабул қилиб олади.

Бу ҳақда АОКАда 9 ноябрда ўтган матбуот анжуманида ташқи ишлар вазирлигининг минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Раҳматилла Нуримбетов маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, саммит кун тартибидан савдо алоқаларини ривожлантириш, транспорт, божхона хизматларига доир жараёнларни соддалаштириш, қўшимча транспорт коридорларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ўрин олган. Якуний ҳужжат сифатида Самарқанд декларацияси қабул қилинади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли 29 сентябрда саммитда Туркманистон ташкилотга тўлақонли аъзоликка қабул қилиниши ҳақида билдирган эди. Бироқ ўзбек расмийси бу масала кун тартибига киритилгани ёки киритилмагани юзасидан маълумот бермади.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган эди. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бокуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истамбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.

XS
SM
MD
LG