Ссылки доступа

Расман: Газ заправкалари иши чекланиши ва чироқ ўчишига “совуқ айбдор”


Uzbekistan - Ferghana electricity

Ўзбекистонда 9 ноябрдан автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланди. “Ўзтрансгаз”нинг хабар беришича, бундай қарор об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлукусиз таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Расман билдирилишича, совуқ тушиши оқибатида аҳоли ва корхоналар газни кўпроқ истеъмол қила бошлаган. Газга бўлган талабнинг ортиши муносабати билан 9 ноябрдан барча автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари Энергетика вазирлиги ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан тасдиқланган жадвалга асосан махсус иш тартибига ўтказилади.

Газ тўлдириш шохобчаларининг одатий иш режимига қачон қайтиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Энергетика вазирлиги ҳам 9 ноябрда совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ҳавонинг “кескин совиб кетиши натижасида” магистрал газ қувурларида табиий газ босими пасайган. Бунинг оқибатида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур станция томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.

“Энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган катта авариялар ҳамда узилишларнинг олдини олиш мақсадида водий вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда”, дейилади вазирлик билдирувида.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

2020 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Ўзбекистонда ҳаво кескин совиб, қор ёғиши билан мамлакат бўйлаб энергетик бўҳрон юзага келганди.

Президент Мирзиёев ўтган йилларда энергетика инфратузилмасига етарли сармоя киритилмаганини бир неча бор танқид қилган. Озодлик газ ва электрсиз қолган аҳоли йўлларни тўсгани ва норозлик намойишларига чиққани тўғрисида ўз вақтида хабар берган.

XS
SM
MD
LG