Ссылки доступа

Душанбе суди машҳур полвоннинг ўғлини қотилликда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилди


Саидаҳмад Раҳимов (чапда) ва Муҳаммаджовид Зокирзода дўст эди. Ижтимоий тармоқлардан олинган расмлар
Саидаҳмад Раҳимов (чапда) ва Муҳаммаджовид Зокирзода дўст эди. Ижтимоий тармоқлардан олинган расмлар

10 ноябрь куни Душанбе шаҳар суди самбо бўйича биринчи жаҳон чемпиони тожикистонлик Саидмўмин Раҳимовнинг ўғли Саидаҳмад Раҳимовни дўстини ўлдирганликда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. Маҳкумнинг яқинлари суд ҳукмидан норози бўлишди.

Қотиллик 5 август куни Душанбе шаҳрининг Фирдавсий туманида содир бўлган. Шундан сўнг Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 22 ёшли Саидаҳмад Раҳимов ўзининг дўсти, Варзоб тумани Чорбоғ қишлоғида яшовчи Муҳаммаджовид Зокирзодани 17 та марта пичоқ уриб ўлдиргани ҳақида хабар берди.

“Тергов гумонланувчи ва ўлдирилган шахс ўртасида молиявий муносабатлар мавжудлигини аниқлади. Оқибатда пул қарзи қонли якуни билан можарога олиб келди”, — дейилади Тожикистон ИИВ матбуот маркази хабарида.

Саидаҳмад Раҳимовнинг адвокати Фирдавс Субхонзод 10 ноябрь куни Озоди радиосига берган интервьюсида ҳимоячиси судда қилмишидан пушаймон бўлганини айтди.

“Мен суддан ҳимоямдаги фуқаронинг ёшлиги, шунингдек, жазо тайинлашда унинг оиладаги ягона боқувчиси ва вояга етмаган фарзандининг отаси эканлигини ҳисобга олишини сўрадим”, — деди адвокат.

Унга кўра, Саидаҳмад Раҳимовнинг қариндошлари маънавий товон сифатида жабрланувчига 52 минг сомоний пул ўтказиб беришган. "Улар шикоятларини қайтариб олишга ваъда беришди, лекин ваъдаларини бажаришмади", - дея қўшимча қилди Фирдавс Субхонзод.

Айни пайтда жабрланган томон пул олмаганини рад этиб, шикоятни қайтариб олишга ваъда берди. Муҳаммаджовид Зокирзоданинг онаси Матлуба Ғаниева суд ҳукмидан мамнун эканини айтди.

Суд биносига журналистлар киритилмаган. Бу суд жараёни 1975 йилда самбо бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган тожикистонлик биринчи полвон Саидмўмин Раҳимовнинг ўғли судлов маҳкамасида бўлгани боис ОАВ ва жамоатчилик эътиборини тортди.

Ўлдирилган йигитнинг онаси Матлуба Ғаниева аввалроқ Озоди радиосига берган интервьюсида ўғли бизнес билан шуғулланаётгани ва ўша мудҳиш кунларда товар учун Туркияга учиб кетишга мажбур бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Саидаҳмад Раҳимов ўғлига 35 минг сомоний қарз бўлиб қолган ва улар ўртасида можаро ана шу пул қарзи туфайли келиб чиққан.

Маҳкум Раҳимовнинг яқинлари аввалроқ Муҳаммаджовид Саидаҳмадни қарзни қайтаришни кечиктиргани учун жазо билан қўрқитганини айтишган. Бироқ, ўлдирилган йигитнинг онаси бу даъвони қатъиян рад этади.

Маҳкум Саидаҳмад Раҳимов, яқинларининг айтишича, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган.

Адвокат Фирдавс Субхонзоднинг айтишича, Душанбе шаҳар суди ҳукми нусхасини олгандан сўнг ҳимоя ва маҳкумнинг яқинлари апелляция шикояти бериш масаласини кўриб чиқади. Саидаҳмад Раҳимовнинг яқинлари Озоди радиоси журналистлари билан мулоқот қилишдан ўзини тиймоқда.

XS
SM
MD
LG