Ссылки доступа

CNN: Россия “Посейдон” ядровий торпедаси синовларини муваффақиятсиз якунлади


Россия атом двигателига эга бўлган “Посейдон” торпедаси синовини муваффақиятли ўтказа олмади, деб хабар берди CNN АҚШнинг исми айтилмаётган расмийларига таянган ҳолда.

"Посейдон" торпедаси устида иш олиб борилаётгани ҳақида 2018 йилда Россия президенти Владимир Путин маълум қилган эди. Мазкур торпедага ўрнатиладиган ядровий двигател уни чекланмаган масофага ҳаракатланишини ва чекланмаган миқдорда сув остида қолишини таъминлаши лозим эди. Бундан ташқари торпеда ядровий каллакка эга бўлиши назарда тутилганди.

Телеканалнинг хабар беришича, Россия кемалари торпеда двигателини Шимолий муз океанида синаб кўришни режалаштирганди. Бироқ ўтган ҳафтада торпеда юкланган сув усти ва сув ости кемалари синовни амалга оширмай полигонини тарк этган ҳамда портга қайтган.

АҚШ расмийлари Россия армиясида торпедани отиш бўйича техник муаммо юзага келган деб ҳисобламоқда. Уларга кўра, Россия қайта синов ўтказиши мумкин, бироқ яқинашиб келаётган қиш синов ўтказиш имкониятларини камайтиради.

АҚШ расмийлари торпедани синовдан ўтказиш пайтида юз берадиган техник носозликлар радиоактив ифлосланишга сабаб бўлишидан ташвиш билдирганлар.

2019 йилда Россиянинг Архангелск вилоятидаги Северодвинск полигонида портлаш юз бериб беш киши ҳалок бўлганди. Ўшанда атмосферага радиоактив моддалар тарқалгани тўғрисида хабар қилинган. Таҳмин қилинишича, портлашга атом двигателга эга “Буревестник” ракетаси синовининг муваффақиятсиз ўтказилгани сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG