Ссылки доступа

Самарқанд саммитида Эрдўғон ва Алиев Тоғли Қорабоғ ҳақида гапирди


Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар саммитида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Биз барча Туркий давлатлар билан хавфсизлик масалаларида фаол ҳамкорлик қиламиз”, деб билдирди.

“Биласиз, келгуси йилда Қорабоғдаги ғалабанинг икки йиллиги нишонланади. Биз доимо Озарбойжоннинг ёнида бўламиз ва қўллаб қувватлашда давом этамиз. Биз барча Туркий давлатлар билан хавфсизлик масалаларида фаол ҳамкорлик қиламиз. Давлатларимизга тажовуз қилган террорчилар қаерга қочмасинлар, ҳамкорликда таъқиб қилишда давом этамиз”, деди Эрдўғон.

У, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига Шимолий Кипрни ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилишни таклиф этди. “Улар ҳам бизнинг биродарларимиздир”, деб таъкидлади Туркия президенти.

Саммитда сўзлаган нутқи давомида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам асосан Тоғли-Қорабоғ муаммосига тўхталди.

“Биз Арманистон томонидан амалга оширилган ҳарбий ҳаракатларни бартараф этиб келмоқдамиз. Биз халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўз ҳудудимизни ҳимоя қиляпмиз. Арманистон томони ҳам халқаро суверенитетимизни тан олиши Қорабоғ муаммоси тарихда қолганини англатади”,-деди Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти ўз сўзида Ўзбекистон Тоғли Қорабоғдаги Фузулий туманида мактаб биноси қуриш ташаббусини кўтаргани, Қозоғистон маданият маркази қурилишини бошлаганини таъкидлади ва бунинг учун икки давлат президентларига миннатдорчилик билдирди.

“Биз келгуси йилда Қорабоғдаги ғалабамизнинг икки йиллигини нишонлаймиз. Ўтган давр мобайнида Туркия президенти Эрдўған жаноблари уч марта озод этилган ҳудудларда бўлди. Фурсатдан фойдаланиб мен Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларини Қорабоғдаги озод этилган ҳудудга таклиф этаман”, -деди Илҳом Алиев.

Турк давлатлари ташкилоти саммити 10-11 сентябрь куни Самарқандда ўтказилди. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.

XS
SM
MD
LG