Ссылки доступа

Туркманистон Туркий Давлатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлмади


11 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши саммити натижасида Туркманистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги эълон қилинмади.

Аввалроқ, 29 сентябрь куни Туркиянинг Анадолу давлат ахборот агентлиги Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлига таяниб, Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитда Туркманистон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди.

“Собиқ кузатувчи бўлган Туркманистон Туркий Давлатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланади... Шундай қилиб, оиламиз тўлиқ бирлашади, деган умиддамиз”, — Туркия ОАВлари 29 сентябрь куни Туркия ТИВ раҳбарининг сўзларини келтиради. Бироқ, Ашхобод бу маълумотни тасдиқламади.

Саммитда Туркманистондан мамлакат Халқ Маслаҳатияси раиси, собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Туркманистон Давлат ахборот агентлиги (ТДАА) Бердимуҳамедов саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан фахрий меҳмон сифатида иштирок этаётгани ҳақида хабар берди.

Саммитда сўзга чиққан Бердимуҳамедов Туркий Давлатлар Ташкилотини “дунёдаги можароларга барҳам бериш ва узоқни кўзлаб, масъулиятли ечимлар ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилишга” чақирди, аммо қайси тўқнашувлар тўхтатилиши кераклигига аниқлик киритмади.

Туркманистон собиқ раҳбарининг фикрича, “турк дунёси давлатларининг келишилган позициялари дунёдаги сиёсий воқеаларга таъсир ўтказишнинг самарали механизмига айланиши керак”.

“Тенглик, миллий суверенитет ва халқларнинг бошқарув шаклини танлаш ҳуқуқини тан олиш керак”, — деди Бердимуҳамедов.

Туркия матбуоти хабарига кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқанд саммитидаги нутқида ТДТга аъзо мамлакатларни умумий хавфсизлик концепциясини ишлаб чиқиш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва тартибга солиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга чақирган.

Айни пайтда Туркий давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон тўлақонли аъзолардир. Венгрия ва Туркманистон бу ташкилотда кузатувчи сифатида иштирок этади.

Ушбу ташкилот 2009 йилда ташкил этилган ва дастлаб Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши деб аталган. Ташкилот ўз олдига аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришни мақсад қилиб қўйган.

XS
SM
MD
LG