Ссылки доступа

Мирзиёев Истанбулдаги портлаш муносабати билан Туркия президентига таъзия изҳор қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғлу туманидаги Истиқлол кўчасида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев ўз таъзияномасида ҳодиса чоғида вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.

Мирзиёевнинг Туркия президентига таъзияномаси Истанбулда портлаш содир бўлганидан қарийб бир сутка ўтиб йўлланган.

Истанбулнинг сайёҳлар билан гавжум Истиқлол кўчасида 13 ноябрь куни содир бўлган портлашда камида 6 киши қурбон бўлиб, 80 дан зиёд киши яралангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси аввалроқ портлаш қурбонлари ва жабрланувчилари орасида ўзбекистонликлар йўқлигини билдирган.

XS
SM
MD
LG