Ссылки доступа

Ўзбекистон БМТнинг Россия Украинага товон пули тўлаши ҳақидаги резолюциясига овоз бермади


БМТ Бош Ассамблеяси Россия босқинидан Украинага етказилган зарарни қоплашни назарда тутувчи резолюцияни қабул қилди. Уни 94 давлат қўллаб-қувватлади, 13 давлат қарши овоз бероди, 73 давлат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди.

14 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида Украина бўйича 11-фавқулодда сессия бўлиб ўтди. Унда Украинага етказилган зарарни қоплашни таъминлайдиган халқаро механизм яратиш бўйича резолюция лойиҳаси овозга қўйилди. Ҳужжат 94 давлат томонидан қўллаб-қувватланди, 13 делегация қарши овоз берди, 73 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолди.

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳужжат Бош Ассамблея аъзоларини Россия «тажовузи» пайтида содир этган халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилиши учун жавобгарликка тортилиши ва етказилган зарарни қоплаши шартлигини тан олишни белгилайди.

Шу мақсадда ҳужжат халқаро механизмни яратишни назарда тутади, шунингдек, манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларга Украина давлатига етказилган зарар, йўқотиш ёки жароҳатлар тўғрисидаги далиллар ва маълумотларни ҳужжатлаштириш учун бундай йўқотишларнинг халқаро реестрини яратишни таклиф этади.

Россиянинг доимий вакили Василий Небензянинг айтишича, резолюция муаллифлари музлатилган Россия активларидан Киевга қурол етказиб беришни молиялашда ва аллақачон етказилган қуроллар учун қарзларни тўлаш учун фойдаланиш имкониятига эга бўлишни хоҳлайди.

БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессияси Хавфсизлик Кенгашининг 1950 йилдаги «Тинчлик учун бирлик» резолюцияси асосидаги қарори билан ўтказилади. Ушбу тартиб Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларининг ҳар қайсисига, Россия ветосини четлаб ўтиш имконини беради. Ўн биринчи навбатдан ташқари махсус сессия аъзо давлатларнинг илтимосига биноан жорий йилда бир неча марта ўз ишини қайта тиклади.

XS
SM
MD
LG