Ссылки доступа

Ўзбекистон 5 суткага қамалган инста-блогер озод қилинди


Тармоқлардаги «одоб-ахлоқ қоидаларига зид ва фуқароларнинг даъволарига сабаб бўлган» видео ва фотосуратлари сабаб қамалган инста-блогер апелляциядан сўнг озод қилинди. Тошкент шаҳар судининг ажрими билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси 4 суткага ўзгартирилди.

Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова судга берган инста-блогер Севинч Саъдуллаевага 5 сутка маъмурий қамоққа олиш чораси қўлланилганди. Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати блогерга 4 суткадан сўнг озод қилинганини маълум қилди.

Нодира Умарова инста-блогерни «ўз иштирокидаги видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига қасддан эътибор бермай, жамоат тартибини бузган ҳолда жойлаштиргани, бу эса фуқароларнинг асосли даъволарига сабаб бўлгани» сабабли судга берганди.


Суд вақтида блогер ўз қилмишларини бошқа такрорламаслик ҳамда барча видео ва фотосуратларни ўчириб ташлашга ваъда бериб, енгилроқ жазо тайинланишини сўраган, бироқ 5 суткага қамалган.

15 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Севинч Саъдуллаевага оид иш юзасидан чиқарилган суд қарорига ҳуқуқбузар томонидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилди. Маъмурий жавобгарликка тортилган Севинч Саъдуллаева апелляция шикоятида, ҳозирги кунда қилган ишидан пушаймонлиги билдириб, суд қарори билан тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган.

«Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни ўрганиб, маъмурий жавобгарликка тортилган С.С. га нисбатан жазо тайинлашда, шахсини, ёшини, аёллигини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, биринчи инстанция суди қарори билан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини кам муддатдаги маъмурий қамоқ жазосига келтиришни лозим деб топди», — дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар судининг ажрими билан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг Севинч Саъдуллаевага оид қарори ўзгартирилиб, ҳуқуқбузарга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилган ҳолда тайинланган 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси 4 сутка маъмурий қамоқ жазосига келтирилди.

Маъмурий жавобгарликка тортилган Севинч Саъдуллаева жазони тўлиқ ўтаган деб ҳисобланиб, Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонасидан озод қилинди, дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG