Ссылки доступа

Қирғизистоннинг Чечмесида Чашма булоғининг Ўзбекистонга берилишига қарши намойиш бўлди


15 ноябрь куни Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи аҳолиси қирғиз-ўзбек чегараси яқинидаги Чечме булоғига йиғилди.

“Улар Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараларини аниқлаш бўйича шартномада “Чашма булоғи Ўзбекистонга берилади” деган маълумотга норозилик билдиришиб, булоқнинг қўшни давлатга берилишига қарши фикр айтдилар”, дейилади Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабарида.

Норозилик намойишида иштирок этган Чечме қишлоқ кенгашининг раиси Садиқ Саламовнинг айтишича, Чашма булоғи баҳсли ҳудуд ҳисобланмайди.

“Бу бизнинг еримиз. Қўшни Ўзбекистон халқи Чашма булоғи сувидан истаган пайтда фойдаланиб келган. Бир тийин ҳам сув ҳақи сўрамаганмиз”, - деди у.

Намойишга чиққанлар президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва парламент депутатларига мурожаат йўллашди. Мурожаатда раҳбарлар “мамлакат яҳлитлигини сақлаб қолиш учун тўғри қарор чиқариш”га чақирилган.

15 ноябрда қирғиз парламенти тармоқ қўмитаси Қирғизистон - Ўзбекистон ўртасидаги чегарани тасдиқлаш, Кампиробод сув омбори сувидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги шартномаларни маъқуллади.

14 ноябрда эса Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси мазкур ҳужжатларни ратификация қилган эди. Парламентда депутатларга бу борада ахборот берган бош вазир Абдулла Арипов Чашма булоғидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳукуматлараро келишув алоҳида имзоланишини билдирганди.

2020 йил, 31 май куни Фарғона вилоят Сўх туманининг Боткен вилоят, Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида жанжал чиққан эди.

Бунинг ортидан юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида, Ўзбекистон томонига кўра, Сўх туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

XS
SM
MD
LG