Ссылки доступа

Тўқаев: Аҳолининг тинч митинглари билан бандитлар томонидан содир этилган қонли жиноятларни фарқлаш керак


Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 16 ноябрь куни Олмаота «жамоати» билан учрашувда январь воқеаларига тўхталиб, «фитначилар», «радикаллар» ҳақида яна бир бор гапирди.

“Улар тинч митинглардан мамлакатимиздаги барқарорликни бузиш учун фойдаланишди. Бу ерда тинч намойишлар сабабларини ва давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган фитначиларнинг мақсадларини аниқ ажратиш керак", деди президент.

Бу ҳақда Тўқаев 20 ноябрга белгиланган навбатдан ташқари президентлик сайловларига бир неча кун қолганида Олмаотага қилган иш сафари чоғида айтди. Бу сайловларда у янги, аллақачон етти йиллик муддатга қайта сайланиш ниятида.

Мамлакатнинг энг йирик шаҳрида нутқ сўзлаган Тўқаев “жамиятга низо сочиб юборишга уринаётган бузғунчи кучлар” ҳақидаги тезисларини такрорлади ва яна “тўполончиларни улуғламасликка” чақирди.

Қозоғистон президентининг сўзларига кўра, тинч намойишларда ўнлаб йиллар давомида тизимли ижтимоий-иқтисодий муаммолардан азият чеккан одамлар қатнашган. “Бироқ жиноий элементларнинг бошқа мақсадлари ҳам бор эди. Улар олдиндан тайёрланган провокатор ва бандитлардан фойдаланиб, фуқароларнинг норозилигини тартибсизликларга айлантирди. Оқибатда Олмаота тартибсизликка тушиб қолди”, — деди у.

Тўқаев ўз нутқида аҳолининг тинч митинглари ва “бандитлар томонидан содир этилган қонли жиноятлар” ўртасида “аниқ фарқ” қўйишга чақирди, бироқ майдонда тинч аҳолининг ўлими, намойишлар чоғида беғараз отишмалар ва оммавий қийноқлар ҳақида гапирмади. Унинг таъкидлашича, расмийлар "қатъий ва жасоратли ҳаракатлари туфайли" "жуда тез қонун ва тартибни тиклашга" муваффақ бўлишди.

Январь ойи бошида Қозоғистоннинг кўплаб вилоятларида қашшоқлик, коррупция, юқори нархлар ва ишсизликка қарши чиққан аҳолининг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Одамларни кўчага чиқишга мажбур қилган ички иқтисодий сабаблар тезда сиёсий талаблар билан алмаштирилди. Намойишчилар эркин сайловлар ўтказиш, коррупция ва қариндош-уруғчиликни тўхтатиш, ишсизликни камайтириш ва 1993 йилги Конституцияга қайтишни талаб қилди.

Расмийлар аввалига намойишчиларни намойишчилар деб атаган, кейин эса “бузғунчи кучлар” ва «террорчилар» деб даъво қилган, аммо далиллар келтирмаган. Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакатга “ташқаридан террорчилар ҳужум қилганини” айтди ва хавфсизлик кучларига огоҳлантирмасдан ўқ узишни буюрди. 200 дан ортиқ одам, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, интернет ўчирилди. Тўқаевнинг илтимосига кўра, Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Қозоғистонга 2000 га яқин аскарини киритган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар бўйича бошланган терговлар тўхтаб қолгани ва халқаро стандартларга жавоб бермаслигини қайд этади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг халқаро экспертларга январь воқеаларини текширишига рухсат бериш ҳақидаги чақириқлари Остона томонидан рад этилди.

XS
SM
MD
LG