Ссылки доступа

Бухорода ўқувчиларни калтаклаган ўқитувчи ишдан бўшатилди


Бухоро шаҳридаги 4-мактабда дарс пайтида ўқувчиларни калтаклаган ўқитувчи ўз ҳоҳишига кўра лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хабарномада қайд этилишича, ҳодисага оид видео ижтимоий тармоқларда тарқалган ортидан Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш жараёнлари бошлаб юборилган.

“Ҳозирда ўз педагогик фаолиятини бажаришда қўпол хатоликка йўл қўйганлиги учун мактаб ўқитувчиси ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилганлгини маълум қиламиз. Ушбу ҳолат Бухоро вилоятида фавқулотда вазият сифатида баҳоланиб, шу куннинг ўзида вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев раҳбарлигида халқ таълими бўлимлари мудирлари, мактаб директорлари иштирокида ZOOM орқали йиғилиш ўтказилиб, бу ҳолат кенг муҳокама қилинди”, дейилган ХТБ хабарномасида.

Бухоролик ўқитувчининг дарс чоғида ўқувчиларни калтаклаётганига оид видео ижтимоий тармоқларда 15 ноябрь куни тарқалган. Маълумотларга кўра, айни пайтда Бухоро вилояти ХТБ ишчи гуруҳи ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ҳолат бўйича ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.

XS
SM
MD
LG